Давлат томонидан берилаётган ижтимоий ёрдам ўз эгасига етиб боради

 

Ярим йилдан ошдики, коронавирус пандемияси бутун дунё кун тартибида турган долзарб масаладир. Карантин талаблари мамлакатлар иқтисодиёти ва аҳоли даромадларига ўз таъсирини ўтказди, минг-минглаб одамлар ишсиз қолди. Ана шу жараёнда аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ ислоҳотларни жадаллаштириш, бу борада самарали чораларни тезкорлик билан ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш энг биринчи навбатдаги масала сифатида майдонга чиқди.

Ўзбекистонда ҳам коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбиқ таъсирини юмшатиш, карантин шароитида аҳолини қўллаб-қувватлаш асосий мавзуга айланди. Бу борада муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ижтимоий адолат тамойили асосида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни камайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида муҳим вазифалар белгиланди.

Президентимиз раислигида 19 октябрь куни бўлиб ўтган 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маълум бўлишича, ижтимоий соҳаларга ажратиладиган маблағлар мидори 15 %га ошириш режалаштирилмоқда.

Камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий нафақа олувчи муҳтож оилалар сони жорий йил бошига нисбатан 2 бараварга оширилиши белгиланди. Келгуси йил 1 январдан ягона ижтимоий реестрни барча ҳудудларда ишга тушириб, ижтимоий нафақалар ажратиш тизимини тўлиқ автоматлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Ҳаммамиз бугунги воқеа-ҳодисларни, жаҳондаги вазиятни кўриб, билиб турибмиз. Афсуски, пандемия билан боғлиқ вазият қандай давом этиши номаълум. Бундай ҳолатда ижтимоий ҳимояга муҳтож, қийин вазиятда қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш катта аҳамиятга эга, албатта. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда аҳолининг 12-15 фоизи камбағал, бу 4-5 миллион кишини ташкил этади. Ижтимоий нафақа олувчи муҳтож оилалар сони жорий йил бошига нисбатан 2 бараварга оширилиши қанчадан-қанча меҳнатга лаёқатсиз аҳоли, қанчадан-қанча ногиронлиги бор шахслар, қанчадан-қанча боқувчисини йўқотган ва айни дамда вояга етмаган фарзанд тарбиялаётган якка ёлғиз аёлларимизнинг манфаатлари учун хизмат қилади. Уларнинг яшаш шароитидаги муаммоларини кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, албатта, давлат сиёсатининг нақадар тўғри мақсад белгиланганига амин бўламиз. Яна бир аҳамиятли томони, бу орқали инсоннинг ижтимоий ҳолати, жамиятда тутган ўрнидан қатъи назар, аввало унинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.

Маълумки, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишнинг ягона тизими яратилмоқда. Яъни, шу йил 1 сентябридан бошлаб, ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими воситасида амалга оширилади. Айтиш керакки, ушбу ахборот тизими “Электрон ҳукумат” тизимининг таркибий қисми ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари бежизга келгуси йил 1 январдан ягона ижтимоий реестрни барча ҳудудларда ишга тушириб, ижтимоий нафақалар ажратиш тизимини тўлиқ автоматлаштириш зарурлиги қайд этмади. Чунки ижтимоий нафақаларни тайинлаш жараёнида расмиятчилик, сансалорлик ва бюрократия авж олгани ҳеч кимга сир эмас. Моддий ёрдам олиш учун югур-югурдан чарчаб, охири қўл силтаб қўйганлар аҳоли орасида кўплаб топилади. Кимдир чиндан ҳам моддий ёрдамга ёки ижтимоий нафақага муҳтож, лекин қанча ҳаракат қилса ҳам уни ололмайди. Қайсидир оила ўзига тўқ бўлса ҳам, таниш-билишларни ишга солиб, моддий ёрдам ёки ижтимоий нафақа олувчилар рўйхатида туради. Қизиқ томони, фақат қоғозда қайд этилган маълумотлар ҳаққонийми ёки йўқми фарқи йўқ. Энг муҳими, у бор ва оила ижтимоий ҳимояга муҳтож. Амалда эса бундай эмас... Демак, ёрдамга муҳтож бўлган оилаларни турли маълумотнома ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни йиғишдан озод этишнинг аллақачон вақти келган.

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали бундай ҳолатларга барҳам берилади. Белгиланган мезонларга мувофиқ кам таъминланган оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражасини объектив баҳолаш, давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этиш жараёнларини автоматлаштириш орқали қарорларни қабул қилишда субъектив ёндашув бартараф этилади. Аҳолининг эҳтиёжманд тоифаси таркиби ўзгариши динамикаси мониторинги ва таҳлилини юритиш, уларни баҳолаш мезонларини республика ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилади. Давлат ижтимоий хизматлари ва ижтимоий ёрдам олувчиларнинг доимий янгиланиб турадиган ягона маълумот базасини шакллантирилади. Қисқа қилиб айтганда, эҳтиёжманд оилалар учун маълумотларни йиғиш каби сарсонгарчиликларга барҳам берилади. Кам таъминланганликни эътироф этиш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ёки рад этиш жараёни максимал даражада шаффофлашади. Шу тариқа эҳтиёжманд аҳоли билан ишлашда янги, адолатли тизим йўлга қўйилади.

Демак, ижтимоий нафақаларнинг манзиллиги таъминланади, уни мақсадли етказиб беришда коррупцион ҳолатларнинг олди олинади. Бу эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда муҳим қадамдир.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя йўналишидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда, янги мазмунга эга бўлмоқда. Партиямиз, барча даражадаги депутатлик бирлашмаларимиз янги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва уларнинг муваффақиятли бўлиши учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.

 

Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш