Тил — миллат маънавиятининг муқаддас тимсолидир

 

Ҳар йили 21 октябр юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида ўзгача ғурур, фахр ва ифтихор билан кенг нишонланади. Албатта, ҳар бир миллат ўз она тилига эга. Улкан бойлик, бебаҳо қадрият сифатида эъзозланадиган тилда аждодларининг мероси, тарихи, ўтмиши ва бугуни яшайди. Ўзлигини англаган ҳар бир миллат ва элат учун тил бебаҳо ва тенгсиз бойлик саналади.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда она тилига бўлган эътибор янада кучайди. Тилга буюк маънавий-маданий мерос, умуммиллий бойлик, олий қадрият сифатида қараш шаклланди. Зеро, маънавиятимиз тилимизга бўлган муносабатда намоён бўлади. Она тилини муқаддас билиш ўзини, қадр-қимматини , ғурурини англаш, тарихини, миллий қадриятларини ҳурмат қилиш демакдир... Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

Ҳақиқаттан ҳам, тил бўлмаса эл ҳам, миллат ҳам бўлмайди. Элни эл миллатни миллат даражасига кўтарадиган унинг яшаши ва фаолиятини белгилаб турадиган восита тил экан, у билан бутун инсоний қиёфалар шаклу шамойилига эга бўлади. Халқнинг маданий-маънавий бойлиги, ақл идроки ва тафаккури, илмий , тарихий маданий бойликлари унинг тилида ўз ифодасини топади. Шу маънода тил халқнинг қалби ва борлиғидир.

Юртбошимизнинг “Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир. Ўз тилини йўқотган миллат ўзлигидан жудо бўлиши муқаррар”, деб таъкидлагани бежиз эмас. Демак, миллатнинг борлиги ва бирлигининг бош белгиси тилдир.

Дунёдаги қай бир халқни олмайлик, унинг жаҳон цивилитзиясидаги ўрни ва мавқеи, бетакрор миллий ўзлиги ва тарихий тажрибаси билан белгиланади. Миллий ўзликнинг биринчи белгиси бу миллий тил бўлиб, у миллатнинг миллат бўлиб шакллланишида муҳим шартлардан бири ҳисобланади.

Шу йилнинг 10 апрель куни давлатимиз раҳбари «Ўзбек тили кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унга кўра, 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Бу албатта, халқимиз ҳаётидаги яна бир буюк тарихий воқеа бўлди. Ушбу байрамнинг фуқароларимиз ўртасида кенг нишонланиши она тилимизга эътиборни юксалтириш, унинг мавқеини, нуфузини оширишга хизмат қилади. Биз ҳам ўз навбатида, тилимизнинг софлиги ва ўзига хослигини сақлаш, уни бойитиш ва такомиллаштиришга ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Зотан, тилимизни асраш, унга эҳтиром кўрсатиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

 

Шерзод Раҳмонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш