Қўрқмасдан ўз бизнесингизни бошланг, бунга шароит ва имконият етарли

 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий бўғини ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур соҳани жадаллик билан ривожлантириш, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг сафини янада кенгайтириш ва рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.

“Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор буни яққол исботидир.

Мазкур қарорда аҳолини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, микромолиялаш тизимини такомиллаштириш ҳамда тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги асосий йўналишларини амалиётга жорий этиш вазифалари белгилаб берилган.

Хусусан, аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланишга қизиқиши ва манфаатдорлигини ошириш, тадбиркорлик соҳасида зарурий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқитиш тизимини жорий этиш, мазкур жараёнга халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва нодавлат таълим ташкилотларини кенг жалб қилиш каби долзарб масалалар кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган микрокредитлаш тизимини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва ривожлантириш, аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга оид ижтимоий дастурларни иқтисодиётда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан уйғун ва мувофиқлаштирилган ҳолда ишлаб чиқиш назарда тутилди. Тадбиркорлик кўникмаси ва тажрибасига эга бўлган аҳолини ва бошқа кичик бизнес вакиллари салоҳиятини рўёбга чиқариш орқали улар фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантиришга қаратилган тўлақонли тизимни яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит тизимни ташкил этиш ва ягона давлат ташкилоти томонидан амалга оширилишини ва мувофиқлаштириб борилишини йўлга қўйиш борасидаги масалаларни амалга оширишда бир қатор вазирлик ва идоралар масъул этиб белгиланган.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда мамлакатимизда нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ўрни ва роли ошиб бормоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди қарорда келтирилган тадбирларни амалга ошириш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирокини таъминлаш вазифаси юклатилганлиги хам фикримизнинг далилидир.

Ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бир қатор тартиблари белгиланди. Яъни Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади.

Касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотлари курсларини муваффақиятли тамомлаб, уларнинг сертификатини олган шахсларга ўз бизнесини ташкил этиш учун микрокредитлар ажратилади.

“Микрокредитбанк” АТБ томонидан нодавлат таълим ташкилотлари махсус сертификатини олган тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади.

Микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилади. Бунда микрокредитлар 3 йил муддатгача 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратилиши белгиланган.

Ишсиз ёшлар ҳамда хотин-қизларни касб-ҳунар ўргатиш орқали қўллаб-қувватланиши жойларда камбағалликнинг асосий сабаблари бартараф этилишида долзарб аҳамиятга эга бўлади.

 

Аваз Ўринбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш