Халқни, оддий одамларни айблашни бас қилинг!

Акмал ТУРСУНБОЕВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Сўнгги пайтларда турли вазирлик, идора-ташкилотлар раҳбарларининг матбуот анжуманларида журналистлар саволларига бераётган айрим жавоблари кескин муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Мулозимлар ўз соҳасидаги камчилик ва муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларни бартараф этиш йўллари ҳақида ғайритабиий фикрлар билдирмоқда.

Ҳурматли мутасаддилар, Сизларга юклатилган вазифалар бор, яъники ўз тизимингиздаги реал ҳолатни ўрганишингиз, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилишингиз, шу асосда камчиликларни бартараф этиш чораларини кўришингиз лозим. Афсуски, охирги матбуот анжуманларида мутасаддилар билдираётган асоссиз фикрлар аҳоли вакилларининг жиддий эътирозларига сабаб бўляпти.

Халқда талаб бўлса, шу маҳсулот “кўп истеъмол қилинаяпти”, деб халқни айблаш мутлақо нотўғри фикр. Аксинча, талабдан келиб чиқиб маҳсулотларни етказиб бериш бўйича бош қотириш, соҳани янада ривожлантириш ишларини жадаллаштириш, сунъий тартибда ёпилаётган йўлларни очиш керак эмасми?.. Йўқ, бизда тескариси бўляпти, оддий халқ вакилларини ёппасига айблаш одат тусига кириб бормоқда. Айримлар гўштни кўп емоқдамиз деса, бошқа мулозим кўп электр энергия сарф қилмоқдамиз, деган важни келтиради.

Мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилишини, у ердаги мавжуд шароитни инобатга олиб фикрлайлик. Кўплаб чекка ҳудудларда жуда кўп гўшт ейишни ҳам, электр энергиясини кўп сарфлашни ҳам умуман иложи йўқку!..

Раҳбарлар, масъулиятли вазифаларда ўтирган мулозимлар соҳалардаги муаммоларни таҳлил қилишда ўзининг шахсий даромадлари, имкониятларини эмас, оддий одамларнинг даромадлари, рўзғоридаги ҳолатни, яъни жойлардаги реал яшаш шароитини ҳисобга олса, ишлаб чиқилаётган дастурлар ҳаётга яқин бўлади, халқни айблаш орқали ўз уқувсизлигини хаспўшлашга ҳожат қолмайди.

← Рўйхатга қайтиш