Дастурий вазифалар ижроси кўриб чиқилди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида ташкил қилинган йиғилишда партия вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Марказий Кенгаш масъул ходимлари, вилоят кенгаши аппарати ходимлари, шаҳар ва туман кенгаши раислари, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳи раҳбарлари, депутатлар ҳамда оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этишди.

Йиғилиш кун тартибига кўра, дастлаб партия Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича 2020 йилга мўлжалланган амалий Харакат дастурининг ижроси кўриб чиқилди. Партиянинг мафкуравий фаолиятини янада такомиллаштириш, маҳаллий партия ташкилотлари ва партия гуруҳларининг ўтган 9 ой давомидаги фаолияти танқидий таҳлил қилинди.

Қайд этилдики, ҳисобот даврида халқ депутатлари Бухоро вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари томонидан ижро ҳокимияти органлари ва мутасадди ташкилотларга тегишлилиги бўйича 257 та депутатлик сўровлари юборилган. Сўровларнинг 232 таси ижобий ҳал қилиниб, 25 та сўровнинг ижроси назоратга олинган.

2020-2024 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат Дастури ҳамда Ҳаракат дастуридан ташқари белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари ташаббуслари билан 35 та масала партия гуруҳларида, 16 та масала Кенгаш сессиялари муҳокамасига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.

Бироқ партия гуруҳларининг ҳаммаси ҳам қониқарли даражада фаолият юритяпти, деб бўлмайди. Доимий комиссиялари ва сессияларида фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни депутатлик назоратига олиш, партия Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича ҳеч қандай ташаббус кўрсатмаётган партия гуруҳлари қаттиқ танқид остига олинди.

Сайловчилар билан изчил мулоқотни ўрнатиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, одамлар билан елкама-елка туриш муҳим вазифа эканлиги таъкидланди. Эҳтиёжманд оилалар ҳолидан мунтазам хабар олиш, уларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалалар юзасидан депутатлик назоратини ўрнатиш асосий масала сифатида уқтирилди.

Йиғилиш кун тартибига киритилган масалалар бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ижроия қўмита йиғилишлари бошқа вилоят партия кенгашларида ҳам танқидий-таҳлилий бўлиб ўтмоқда.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш