Ўзбекистонда янги ва яхлит ижтимоий ҳимоя тизими яратилмоқда

 

Дунёдаги илғор давлатчилик тажрибаларидан маълумки, давлат бошқарувини ислоҳ этиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда жамиятдаги турли қатламларнинг манфаати, хоҳиш-иродасини инобатга олиш, уларни рўёбга чиқариш учун йўл очиш долзарб аҳамият касб этади.

Кейинги йилларда юртимизда халқ билан мулоқот тамойили асосида давлат бошқаруви тубдан модернизация қилинди. Алоҳида қайд этиш жоизки, бу тарихий жараёнда жамиятимиздаги ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламни йиллар давомида ўйлантириб келган муаммо ва мурожаатларни ҳал этиш, уларнинг таклифларини қабул қилиш ҳамда амалга ошириш давлат тузилмаларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Жаҳон миқёсида мисли кўрилмаган зарар етказаётган коронавирус пандемияси даврида мамлакатимизда касалланганларни тўлиқ давлат таъминоти асосида даволаш, кам даромадли оилаларни қийин аҳволга тушиб қолишдан асраш бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда, “темир дафтар” асосида манзилли ёрдам кўрсатилмоқда. Бу борада Ўзбекистоннинг ўзига хос тажрибаси илғор давлатлар юқори доира вакиллари, етук мутахассислар томонидан эътироф этилаётгани бежиз эмас.

Шундай синовли даврда ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида Ўзбекистон Президенти пандемия шароитида ижтимоий ҳимояни халқаро миқёсда кафолатлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этди. Бу ташаббус жаҳон миқёсида ижтимоий ҳимоя муаммосига ечим бўлиши таъкидланмоқда, халқаро экспертлар, етук сиёсатчилар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Мамлакатимизда камбағалликка қар ши кураш бўйича стратегик вазифалар амалга ошириляпти. Ижтимоий-иқтисодий фаолликни ошириш, касб-ҳунар ўрганиши, ўз ишини йўлга қўйиши учун эҳтиёжманд фуқароларга субсидиялар ажратилмоқда. Кучли ва кафолатланган ижтимоий ҳимоя янги Ўзбекистонни бунёд этиш концепциясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўрилаётир.

Президентимиз бугун замоннинг ўзи барчамиздан, биринчи навбатда, сиёсий партиялар вакиллари, депутат ва сенаторлардан мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этаётганини таъкидлаган эди.

Шундан келиб чиқиб, депутатлар ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни юртимизнинг барча ҳудудида қўллаб-қувватлаш билан бирга, шу йўналишдаги қонун, қарор ва давлат дастурлари ижроси устидан депутатлик ва парламент назоратини кучайтиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Хусусан, карантин даврида эҳтиёжманд юртдошларимизга ёрдам бериш бўйича “Саховат ва кўмак” хайрия тадбирларида мунтазам қатнашяпти. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли, карантин сабабли даромад манбасидан ажралган, ишсиз, боқувчисини йўқотган оилаларга амалий ёрдам кўрсатилди. Бу ишлар давом эттириляпти.

Мамлакатимизда юзага келган мутлақо янгича сиёсий муҳит фуқароларнинг фаоллигини тубдан кучайтирди, уларнинг нафақат давлат идораларига, шу билан бирга, парламент ва нодавлат ташкилотларга талаби ошди. Бу кўтаринки руҳ барча даражадаги депутатлар зиммасига масъулият юклаб, амалий ишларга даъват этмоқда.

Мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича доимий танқидий таҳлил механизми йўлга қўйилиши муҳим. Вакиллик ҳокимиятининг қуйи тизимини мустаҳкамлаш, аҳоли билан мулоқот, фикр, таклиф алмашиш муҳитини яратиш бош вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу парламент фаолиятини таклифлар билан қўллаб-қувватлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш имконини бермоқда.

Ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли манфаатларининг узвий ҳимояси юзасидан фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, хусусан, Ўзбекистон ногиронлар, кўзи ожизлар ва карлар жамиятлари, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси каби кўплаб ташкилотлар фаоллиги алоҳида аҳамиятга эга. Улар билан биргаликда тайёрланган таклифлар асосида ишлаб чиқилган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун яқинда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди. Қонунга мувофиқ, бу соҳадаги фаолият тубдан ўзгаради. Яъни ижтимоий ҳимоянинг муҳим йўналиши қонун билан ягона тизимга келади.

Депутатлар ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий тенгликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ яна бир неча йўналишда аниқ таклифларини илгари сурмоқда. Жумладан, оналарнинг декретда бўлган даврини тўлиқ меҳнат стажига қўшиш, собиқ қишлоқ ва фермер хўжаликларида ишлаб пенсияга чиққан фуқароларга нафақа миқдорини ошириш бўйича қонунчилик ташаббуслари тайёрланмоқда.

Ҳали олдинда вазифаларимиз кўп. Ўзбекистонда халқ вакилларига билдирилаётган ишонч, берилаётган имкониятлардан фойдаланишимиз, янги ва яхлит ижтимоий ҳимоя тизимини жорий этиш жараёнида масъулиятни зиммамизга олиб, қатъий ҳаракат қилишимиз зарур.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари.

«Янги Ўзбекистон»

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш