Таълим-тарбия, илм-фанни ривожлантиришда кенг жамоатчилик фикри ва фаоллиги жуда муҳим

 

Жамиятдаги кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланди. Бунга эришиш учун давлат ҳам, жамият ҳам ўқитувчиларга ҳар томонлама кўмакдош бўлиши ва қўллаб-қувватлаши кераклиги таъкидланди.

Аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз чуқур англаб олишимиз керак. Айниқса, ёш авлодни янги тараққиёт даврига етаклаш учун ўқитувчи-педагогларимиз ўзларининг зиммаларида қандай масъулиятли вазифалар турганини ҳис этишлари зарур, деб ўйлайман.

Таълим-тарбия, илм-фан соҳасини ривожлантиришга қаратилган “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси тайёрланиб, ҳозирда жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Очиқлик, ошкоралик ва халқ билан бамаслаҳат ҳолда қарор қабул қилиш бўйича Президентимиз яна бир бор барчамизга ўрнак бўлмоқдалар, десак муболаға бўлмайди. Ушбу қарорда соҳадаги фидоий устозларнинг, ота оналарнинг, депутатларнинг фикрлари инобатга олиниши ҳужжатнинг ижтимоий аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади.

Шу кунларда жойларда маҳаллий Кенгашлар сессияларида ҳам бу масала бўйича таклиф олиш жараёнлари бошланди. Бу ўқитувчиларнинг асрий орзуларини рўёбга чиқариш учун имконият, деб қабул қилишимиз керак.

Фармон лойиҳасида бир қатор долзарб масалалар назарда тутилмоқда. Хусусан, Тошкент ва Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларидаги навбатлилик коэффициенти паст бўлган мактаблар тажриба-синов тариқасида хусусий сектор вакилларига 5 йилга ишончли бошқарувга берилиши, ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ғолиблик (олтин, кумуш, бронза медали)ни қўлга киритган педагогларга тўғридан-тўғри олий малака тоифаси берилиши, умумтаълим муассасалари педагогларига 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб синф (гуруҳ) раҳбарлиги учун тўловлар 1,5 бараварга оширилиши, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ҳудудий халқ таълими бўлинмалари методистларининг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилиши белгиланмоқда.

Мактаб, коллеж, лицей битирувчиларининг шаҳодатномаси (диплом иловаси)даги мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи киритилиши ва ушбу кўрсаткич ОТМга кириш имтиҳонларида инобатга олиниши, 2021 йил 1 январдан мактаб директорларини лавозимга тайинлаш, уларга нисбатан интизомий жазо қўллаш ҳамда иш берувчининг ташаббусига кўра лавозимидан озод этиш тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга оширилиши кўзда тутилган.

Фармон лойиҳасида педагоглар, илм-фан фидойиларининг жамиятдаги ҳурмат-эътиборини кўтариш билан боғлиқ муҳим янгилик ва ўзгаришлар ҳам кўзда тутилмоқда.

Таълим соҳасида турли вазифалардаги фаолиятимда эгаллаган тажрибам асосида ушбу фармон лойиҳасига таклифларимни бердим. Ҳар томонлама ўйлаб, имкониятлар инобатга олинган ҳолда, таклифларим қабул қилинади, деган умиддаман.

Азиз устозлар, ҳурматли ота-оналар, ҳаётда катта тажрибага эга устозларни фарзандларимиз, жамиятимиз келажагини белгилашда муҳим аҳамият касб этувчи ҳужжат лойиҳасига таклиф-мулоҳаза билдириш имкониятидан унумли фойдаланишга чақираман.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш