Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти кенгаши ташаббуси билан Олмалиқ шаҳрида “Аёллар бандлиги – оила фаровонлиги” лойиҳаси доирасида амалий тадбир ўтказилди.
Анжуман Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги, Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази, Ҳунармандчилик уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида бўлиб ўтди.
Форумда сўзга чиққанлар ҳудудда аҳоли, хусусан аёллар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини янада ошириш, партиявий лойиҳалар орқали уйда ўтирган ва ишсиз хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг ишга интилишини қўллаб-қувватлаш муҳим вазифаларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали уларни ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламдан оиласига даромад келтирувчи, давлат бюджети даромадлари шаклланишига хисса қўшувчи, ижтимоий-иқтисодий фаол инсонларга айланишига кўмаклашиш кечиктириб бўлмайдиган масала эканлиги уқтирилди.
ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент вилоят депутати С.Файзиева эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, ишсиз хотин-қизларни турли касбларга ўқитиш ва шу орқали уларни “Темир дафтар”дан чиқариш муҳимлигига эътибор қаратди. «Темир дафтар»га киритиш учун оилаларни адолатли танлаш, бунда ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ўта муҳим вазифалардан бири эканлиги айтилди.
Шу мақсадда тадбир давомида "Меҳнат ярмаркаси" ташкил этилди. Унда 25 та корхона ва ташкилотлар 457 та бўш иш ўринлари билан қатнашди. Ярмакада 5 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Бундан ташқари 76 нафар киши ишга жойлашишга оид тегишли маслаҳатлар олди. 31 нафар аёлларни тикувчилик йуналиши буйича “UzTexGroup” МЧЖ корхонасига ишга жойлаштириш учун йўлланма берилди.
Давра суҳбатида, шунингдек, хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилишга оид бошқа масалалар, уларни бартараф этиш йўллари атрофлича таҳлил этилди. Хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий жараёнларда иштирокини кучайтириш, улар орасида тарғибот-тушунтириш ишларини тизимли олиб бориш, чекка ҳудудлардаги хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Шу куннинг ўзида вилояти партия кенгаши раиси, депутат С.Файзиева уйма-уй юриб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, боқувчисини йўқотган, ёлғиз аёлларнинг яшаш шаротини, муаммоларини ўрганди.
Халқ деморатик партияси
Ахборот хизмати.