Хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилмоқда

 

Маълумки, куни кеча АҚШ Давлат департаменти томонидан виртуал шаклда ташкил этилган “Хотин-қизлар иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳаракатларга даъват" (Call to Action on Womenʼs Economic Empowerment) мавзусидаги халқаро форумда Ўзбекистон делегацияси  ҳам иштирок этди. Форумни ўтказишдан мақсад бутун жаҳонда хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

Форум давомида иштирокчилар хотин-қизлар иқтисодий ҳуқуқларини кенгайтириш, хотин-қизларга жаҳон иқтисодиётини ривожлантиришда эркин иштирок этиш имкониятларини тўлиқ яратиш, уларнинг глобал иқтисодиётдаги ролини кучайтириш, шунингдек, бутун дунёда аёл тадбиркорларга ўз имкониятларини рўёбга чиқариш учун тенг шароит ва имкониятларни тўлиқ яратиш масалаларини муҳокама қилди.

Ушбу форумда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ўз нутқида Ўзбекистонд хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётидаги иштирокини фаол қўллаб-қувватлаш республика ҳукуматининг асосий вазифаси ҳисобланишини таъкидлади. Халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистонда гендер тенглик, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ва эришилаётган ютуқлар юқори баҳоланди.

Форум доирасида хотин-қизлар иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳужжат имзоланди. 31 та давлат қатори Ўзбекистон ҳам мазкур ҳужжатга қўшилди.

Ҳужжат инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишни, аёлларнинг глобал иқтисодиётнинг фаровонлиги ва барқарорлигини таъминлашдаги асосий ролини тасдиқлашни назарда тутади. Унда БМТ Низомига содиқлик ва гендер тенглигини тарғиб қилиш, шунингдек, аёлларга таълим бериш ва ўқитиш борасидаги мавжуд ҳамда пайдо бўлаётган муаммоларни ҳал этиш қайд этилган.

Чақириқда БМТ тизимидаги аёлларнинг иқтисодий имкониятларини уч ўлчов бўйича: инсон ресурсларини ривожлантириш ва малака ошириш; тадбиркорлик ва капиталдан фойдаланиш имконияти; аёлларнинг иқтисодий ҳаётда иштирок этишлари учун қулай муҳит яратишга эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, шартномани имзолаган мамлакатлар хотин-қизларнинг иқтисодиётда тўла ва эркин иштироки йўлидаги ҳуқуқий, меъёрий ва бошқа тўсиқларни олиб ташлаш, шу жумладан аёлларнинг муассасалар имкониятларидан фойдаланиш ва капитал олиш, мулкка эгалик қилиш ҳамда уни бошқариш, эркин саёҳат қилиш ва эркаклар билан бир хил соҳаларда ишлаш имкониятларини яратиш зарурлигини таъкидламоқда.

Хулоса шуки, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши, хотин-қизлар учун имкониятларни янада кенгайтирмоқда. Эндиги навбат уни амалиётда қўллаб, ижросини таъминлашда. Чунки, ҳар қандай ҳужжат ижроси назорат қилинсагина  ишлайди, ҳалққа фойдаси тегади. Акс ҳолда, барча нарса қоғозда қолиб кетади.

Ҳақиқатдан, Ўзбекистонда хотин-қизлар масаласига жуда катта эътибор қаратиляпти. Лекин тан олиш керакки, айрим ечимини кутаётган масалалар ҳам етарлича.

Бугунги кунда хотин-қизларни қийнайдиган кўплаб муаммоларнинг илдизи улар билимларининг етишмаслиги, ўз ҳуқуқларини етарли даражада талаб қила олмаслигига бориб тақалади. Афсуски, оиладаги ажримлар, келишмовчиликлар сабаб уйсиз, жойсиз қолаётган, ҳаттоки, болаларининг таъминоти учун ҳам пул талаб қила олмаётган аёлларимиз бор орамизда. Бугунги кунда республикамизда зўравонлик қурбонига айланаётган хотин-қизларни кўриб гувоҳ бўлаяпмиз.

Хўш, буларнинг олдини олиш учун нималар қилишимиз мумкин?

Аввало, қизларимизнинг таълимига, билим олишига, касб эгаллашига катта эътибор қаратиш лозим.

Улар ўртасида турли мавзуларда кенг тушунтириш ишларини мунтазам равишда олиб бориш зарур. Хотин-қизларимизни ҳаётга тайёрлашга барча тизим бирдек жавобгар бўлиши керак.

Қизларимиз, эртага ишлаган ёки ишламаган тақдирда ҳам, олий маълумотли бўлса, оқилалик либосини кияди, қўпол гапирмайди, бир қўлида қайнонаси, бир қўлида турмуш ўртоғини кўтариб юради, чиройли оиланинг дилбар ва доно бекасига, ўзаро муносабатларда моҳир дипломатга айланади. Мустаҳкам оила қуришда айнан шу жиҳатлар ниҳоятда муҳим ҳисобланади.

Энг муҳим масалалардан яна бири – аёлларни иш билан таъминлаш бўлиб қолаётир. Айнан кўпгина муаммоларнинг келиб чиқиш сабаби иқтисодий таъминланмаганликка бориб тақалмоқда. Агар хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқлари кенгайтирилиб, улар иш билан банд қилинса, аёллар мардикорлиги, уларнинг зўравонлик қурбонига айланишлари, алданишлари, турли салбий йўлларга кириб кетишининг олди олинади.

Кам малака талаб қиладиган ишлар (масалан, мавсумий ишлар, уй хизматчилари)да банд бўлган аёллар машғулотлари соҳасини қонунчилик билан  тартибга солиш лозим.

Оз бўлсада, айрим раҳбарлар томонидан аёлларни, айниқса, туғиш ёшида бўлган аёлларни ишга қабул қилишга тўсқинлик ҳолатлари минг афсуски, кам бўлса ҳам учраб туради.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча тизимдаги иш берувчилар қонун олдида жавобгарликни ҳис қилишлари лозим.

Юқоридаги ҳужжатнинг қабул қилиниши хотин-қизларнинг кўпгина муаммосини, яъни ўқиши, билим ва касб-ҳунар эгаллаши, ишга жойлашиши, раҳбар лавозимларда фаолият юритиши, банклардан кредит олиши, ўз тадбиркорлигини бошлаш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. Ўзбекистон ХДПнинг 1600 дан ортиқ депутатлари, қабул қилинган ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга оширишда, унинг ижросини назорат қилишда фаол иштирок этишлари лозим.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш