“Халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ғоя барчамизни бирлаштиради

 

Ҳурматли партиядошлар!

Қадрли партиямиз вакиллари ва депутатлар!

Муҳтарам фахрийлар!

Аввало, сиз, азизларни 1 ноябрь – Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топган кун билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Мустақилликнинг илк кунларида, яъни 1991 йилнинг 14 сентябрь кунида фаоллар гуруҳи ўтиш даврида манзилли ижтимоий ёрдам ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари манфаатларини илгари сурувчи партияни ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

Мазкур ташаббус билан мустақил Ўзбекистонда биринчи сиёсий партия Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил қилинди. 1991 йил 1 ноябрь куни бўлиб ўтган Таъсис қурултойида Устав ва Дастури қабул қилиниб, ижтимоий-сиёсий фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди.

Партиямиз ўтган давр мобайнида ғоят шарафли ва масъулиятли йўлни босиб ўтди, десак, муболаға бўлмайди.

1991 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган партиямиз 1992 йил 1 январга келиб, ўз сафига 347 минг 700 аъзони бирлаштирди. Бу партия ғояларининг халқимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланганини англатади.

Жамият ҳаётида муаммоли масалаларни кўтариб чиқиш ва қонунчилик орқали ҳал қилиш сиёсий партияларнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Бу борада улар парламент ва ҳукуматга кучли таъсирини ўтказиши керак.

Кейинги 4 йилда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ошкоралик сиёсати партиялардаги мавжуд муҳитни ўзгартирди.

Президентимизнинг сиёсий етакчилиги ва кучли иродаси билан мамлакатда бутунлай янгича сиёсий муҳит яратилди. Сиёсий куч сифатида ҳукумат олдига электорат манфаатларидан келиб чиқиб, долзарб масалалар олиб чиқилмоқда. Парламентда фракциямиз ҳукумат вакилларини бемалол эшитиб, ўткир саволларга тутишмоқда. Кўппартиявийлик тамойилини юзага чиқариш, фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш, ўз электорати манфаатлари ҳимояси бўйича Ҳукумат олдига масалани қатъий қўйиш имконияти пайдо бўлди.

Жойларда эса маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз аҳоли муаммоларини таҳлилий-танқидий ўрганиб, ижро ҳокимияти устидан депутатлик назорати ўрнатмоқда.

Депутатларимиз, фаолларимиз муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўз позициясини эркин билдирмоқда ва ҳимоя қилмоқда. Буларнинг барчаси партияларнинг электорати олдидаги масъулиятини оширди.

Жамиятда туб ўзгаришлар рўй бераётган даврда бутун дунёда бўлгани каби халқимиз ҳам бу йил кўплаб оғир синовларни бошидан ўтказмоқда.

Айниқса, жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси, унинг оқибатида келиб чиққан иқтисодий, ижтимоий ва бошқа қийинчиликлар матонатли халқимизни яна бир бор имтиҳондан ўтказди, унинг иродасини тоблади.

Давлатимиз раҳбари томонидан бу офатларнинг оқибатларини бартараф этиш ва уларнинг салбий таъсирини юмшатишга қаратилган ташаббусларнинг ўз вақтида илгари сурилгани тарихий аҳамият касб этмоқда. Бу синовли дамлар давлат ва халқни энг олий мақсадлар йўлида янада жипслаштирди.

Партиямиз ташкилотлари ва депутатлари ҳам ҳамжиҳатлик билан камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Сароба ва Бухорода талофат кўрган оилаларга ёрдам кўрсатишда фаол бўлишди. Бунинг учун яна бир бор ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Уларнинг кўрсатган жасорати, халқнинг ризолиги йўлидаги фидокорона меҳнати давлатимиз томонидан ҳам муносиб тақдирланиб, кўплаб фаолларимиз ва депутатларимиз “Меҳр-саховат” кўкрак нишонлари соҳибларига айланишди. Бу бизни беҳад қувонтирди.

Яна шуни таъкидлаш керакки, коронавирус балоси кўплаб йўқотишларга ҳам сабаб бўлмоқда. Юртимизнинг забардаст ўғлонлари, олимларимиз ва фидойиларимиздан айрилмоқдамиз. Улар орасида партиядошларимиз, депутатларимиз ҳам борлиги барчамизни қайғуга солмоқда. Яна бир бор уларнинг оилаларига, яқинларига ўз ҳамдардлигимизни билдирамиз.

Кейинги икки йилда партиямиз тизимида қатор ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Айниқса, кадрлар сиёсатига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Энг муҳими, марказлашган тизимдан воз кечиб, қуйи ташкилотларимиз мустақиллигини таъминлаш масаласини кун тартибига қўйдик. Кўплаб туман кенгашларимизга молиявий мустақиллик берилди. Бу эса қуйи бўғинни ривожлантиришда ўз самарасини кўрсатади.

Кенгашларимизнинг депутатлар билан алоқаси мустаҳкамланди. Халқ дардига қулоқ тутиш, одамларнинг муаммоларини ўрганишда биргаликда фаолият олиб борилмоқда. Жойларда парламент, депутатлик ва жамоатчилик назорати кучайтирилди. Натижада аҳолининг уларга бўлган ишончи янада ошмоқда.

Партиямизда кўпни кўрган, эл-юрт ҳурматида юрган фахрийларимиз, фаолларимиз билан бирга, ёш, шижоатли аъзоларимиз сафи ҳам кенгайиб бораётганини алоҳида эътироф этишимиз лозим. Парламентда, маҳаллий Кенгашларда энг ёш депутатлар бизнинг партиямиздан экани қувонарли ҳол, албатта. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илк бор ташкил этилган Ёшлар парламентига партиямиздан 49 нафар ёш йигит-қизлар сайлангани кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшмоқда. Ишонамизки, уларнинг орасидан келажакда етук сиёсатчилар, парламент депутатлари, сенаторлар етишиб чиқади.

Биз бундан кейин ҳам партиямизнинг қуйи бўғинини ҳар томонлама ривожлантириш, моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш учун барча имкониятларимизни сафарбар этамиз. Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизларга фидокорона меҳнатингиз учун чуқур миннатдорчилик билдираман.

Сиз азизларни Мустақиллигимиз билан бирга одимлаб, юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги учун хизмат қилаётган Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топган кун билан чин қалбдан самимий табриклаймиз.

Халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун, деган эзгу мақсад йўлидаги фидокорона фаолиятингизда муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз!

Мустаҳкам соғлик, оилавий тинчлик-хотиржамлик ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин!

 

Улуғбек Иноятов,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Марказий Кенгаши раиси.

 
← Рўйхатга қайтиш