“Истиқлолга тенгдош партиям”

 

Наманган вилоят театрида ташкил этилган маърифий тадбир шундай номланди

Дарҳақиқат, 29 йил аввал Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатимизда мустақилликни мустаҳкамлаш жараёнларидаги биринчи сиёсий куч сифатида майдонга чиққан эди.

Корнавирус инфекциясидан сақланиш қоидаларига мувофиқ ташкил этилган тадбирни вилоят хокимлиги жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар котибияти мудири Абдураззақов Муроджон ва партия вилоят кенгаши раиси Илҳомжон Атабоев ҳамда партия ғояларининг фаол тарғиботчиси, театр директори Озодахон Усмонова кириш сўзи билан очди.

Сўзга чиққанлар ўтган 29 йил давомида партия қатор ташаббуслар билан чиқиб келаётганини алоҳида таъкидлашди. Халқ демократик партиясининг кенг кўламли ислоҳотлар жараёнидаги ўрни ва электорат сайловчи манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб бораётган фаолияти тўғрисида маълумотлар берилди. Хусусан, Сайловолди дастури ижроси, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг бажарилиши, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилган ишлар таҳлилига эътибор қаратилди.

Бугун одамлар ўз муаммоларига ечим излаш жараёнида партияга суянишмоқда, ишонишмоқда. Биз ҳам шунга жавобан, сайловчилар билан елкама-елка туриб, ушбу ишончни оқлашга ҳаракат қиляпмиз, дейишди депутатлар.

Санъаткорлар томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. ЎзХДП Марказий Кенгашининг “Эҳтиром китоби”га киритилган Янгиқўрғон туман партия кенгаши раиси, депутат Соҳиба Жумановага фидойи меҳнати учун миннатдорчилик билдирилди.

ЎзХДП дастурий ғояларини аҳоли кенг қатламлари орасида ОАВ орқали кенг тарғиб этишда фаол қатнашиб келаётган журналист, блогер ва ахборот хизмати ходимлари партия вилоят кенгашининг “Ташаккурнома”сига сазовор бўлди.

Тадбир иштирокчиларига драматург Нурилло Аббосхон сценарийлаштирган, театр режиссёри Хайрулло Солиев томонидан саҳналаштирилган Эркин Воҳидов қаламига мансуб “Матмуса” асари асосидаги спектакль намойиш этилди.

 

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши

Мафкура ва тарғибот-ташвиқот бўлими.

← Рўйхатга қайтиш