Ўзбекистондаги биринчи сиёсий партия: Халқ демократик партияси 29 ёшда

Мустақилликнинг илк кунларида, яъни 1991 йилнинг 14 сентябрь кунида фаоллар гуруҳи ўтиш даврида манзилли ижтимоий ёрдам ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламлари ва гуруҳлари манфаатларини ифода этувчи ва илгари сурувчи партияни ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

Мазкур ташаббус билан мустақил Ўзбекистонда биринчи сиёсий партия 1991 йил 1 ноябрда – Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил қилинди.

Бугун партиямиз 29 йиллиги нишонланмоқда, жойларда байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. Олмалиқ шаҳри “Миллий технологик тадқиқотлар университети МИСиСнинг  Олмалиқ филиали” фаоллар залида Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгашининг байрам тадбири ўтказилди.

Карантин қоидаларига мувофиқ ташкил этилган тадбирда партиянинг вилоят ва туман Кенгашларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган партия фахрийлари, партиянинг туман-шаҳар кенгашларидаги депутатлари ҳамда партия фаоллари иштирок этдилар.

Тадбир аввалида Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят Кенгаши раиси С.Файзиева Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг тарихи, ўтган давр давомидаги фаолияти, сайловлардаги иштироки, шунингдек партия Сайловолди дастури ижроси, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг бажарилиши, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилган ишлар таҳлили ҳақида гапирди.

Сўзга чиққанлар ўтган 29 йил давомида партия қатор ташаббуслар билан чиқиб келаётганини алоҳида таъкидлашди. Халқ демократик партиясининг кенг кўламли ислоҳотлар жараёнидаги ўрни ва электорат сайловчи манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб бораётган фаолияти тўғрисида маълумотлар берилди.

Шундан сўнг тақдирлаш маросими ташкил этилди. Маросимда аввало Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан эътироф этилган партиямиз фаолларига, яъни Ўзбекистон ХДПнинг “Эҳтиром китоби”га киритилган ҳамда “Энг фаол тарғиботчи”, “Энг фаол депутат” деб топилган фахрийлар ва фаолларга фахрий ёрлиқлар ва Ўзбекистон ХДПнинг эсдалик нишонлари топширилди.

Сўнг Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Энг намунали БПТ” кўрик-танлови ғолибларига, шунингдек бир гуруҳ партия фаоллари ва ходимларига вилоят кенгашининг табрикномалари ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир давомида ёш ижрочиларнинг бадиий чиқишлари намойиш этилди.

Партия 29 йиллигига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.

← Рўйхатга қайтиш