ЎзХДП фракцияси: таълимда янги муҳитни юзага келтириш, аввало, тушунтириш, тарғиботга боғлиқ

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари билан бирга, вазирлик, ташкилотлардан таклиф этилган экспертлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия марказий ва ҳудудий кенгашлари масъул ходимлари ҳам масофадан иштирок этди.

Маълумки, жорий йил 30 октябрь куни Президент раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Мазкур мажлисда таълим-тарбияни давлат ва жамиятнинг энг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилаш кераклиги қайд этилиб, бу борада устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилганди.

Ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги обрў-эътиборини ошириш, мактабни маҳалланинг маънавият-маърифат марказига айлантириш бўйича бир қатор долзарб масалалар белгиланди.

ЎзХДП фракцияси аъзолари видеселектор йиғилишида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, барча даражадаги депутатлик бирлашмаларининг таълим-тарбия йўналишидаги фаолиятини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш, ҳар бир ҳудудда аниқ режа ва талабчанлик асосида иш олиб бориш зарурлигини таъкидлашди.

Фракция йиғилишида янги таҳрирдаги “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди. Ўзбекистон Республикасининг “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонуни 18 йил олдин қабул қилинган. Ушбу қонун кўпроқ тавсифловчи характерга эга ҳамда замон талаблари ва воқеликларига тўлиқ жавоб бермайди. Бошқа барча зарурий муносабатлар қонуности низомлари (қарор, низомлар, стандартлар ва бошқалар) билан тартибга солинган. Шунинг учун “Суғурта фаолияти туғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди. У 10 та боб, 102 моддадан ташкил топган. Унда суғурта ташкилотлари фақатгина акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилиши белгиланган. Суғурта ташкилотлари ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялаш назарда тутилган. 

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг асосий ғояси суғурта фаолиятини тартибга солишни яхшилаш ҳамда бу соҳада халқаро стандартларни изчил амалга ошириш орқали ҳуқуқий асосни такомиллаштиришдан иборат. Депутатлар суғурта билан боғлиқ муносабатларни ривожлантириш зарурлигини, бу жамиятда ҳуқуқ ҳимояси ва ижтимоий муҳофазани кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди. Ушбу долзарб қонун лойиҳасига иккинчи ўқишгача фракция таклифларини шакллантириш бўйича масъул депутатлар белгиланди.

Фракция йиғилишида, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирига юбориш учун тайёрланган “Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида олиб борилаётган ҳуқуқий таълим ва тарбия ишлари самарадорлиги тўғрисида”ги парламент сўрови кўриб чиқилиб, депутатларнинг фикр-мулоҳазалари асосида қўллаб-қувватланди. Янги авлод ҳуқуқий дарсликлари ва ўқув қўлланмаларини яратиш, олий таълим муассасаларининг замонавий ҳуқуқий дарсликлар билан таъминланиш аҳволини яхшилаш муҳим масала экани алоҳида қайд этилди.

Йиғилиш якунида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан фракция позицияси белгиланди ва шу асосда тегишли қарор қабул қилинди.

 

www.parliament.gov.uz

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш