Ўз устида ишлаган, изланган ўқитувчига кўпроқ рағбат кўрсатиш керак

 

Шу кунларда Президентимизнинг мамлакатимиз таьлим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармони лойиҳаси кенг аҳоли қатлами иштирокида қизғин муҳокама этилмоқда. Жойларда депутатлар, таълим соҳаси вакиллари иштирокида ўтаётган сессияларда фармон лойиҳасининг муҳим жиҳатлари эътироф этилган ҳолда, унга қўшимча ва таклифлар ҳам ишлаб чиқиляпти.

Бугун шиддат билан ўзгараётган замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда. Илм-фан тараққиётида эса фундаментал тадқиқотларнинг аҳамияти жуда катта. Агар жаҳоннинг ривожланган давлатларининг тараққиёт босқичларига эътибор қаратилса, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кузатиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўқитувчи ва мураббийларга байрам табригида “Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади”, деган ғоя ўртага ташланиб, учинчи Ренессанс даври бўсағасида мактабларда хорижий тилларни, ахборот-коммуникация технологияларини ўргатишни такомиллаштириш, олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш, ёшларни илм-фанга жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш лозимлиги таъкидлаб ўтилган эди. Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармон лойиҳасида аниқ ва устувор вазифалар белгилаб бериляпти.

Миллий таьлим-тарбия тизимини замон талаби асосида ривожлантириш, хусусан, педагог ходимларнинг нуфузини ошириш ва рағбатлантириш муҳим масаладир. Фармон лойиҳасида бу борада механизм очиб берилиши долзарб аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Шу билан бирга, педагогларга касбий ва малака талабларини ошириш муҳим масала. Ўқитувчи яхши педагог эканини ҳар бир дарс машғулотида исботлаши, бунинг учун у ўз устида тинимсиз ишлаши зарур. Таълим муассасаларида ана шундай муҳит юзага келиши керакки, доимий равишда изланмаган, ўзи ҳам ўрганмаган ўқитувчи кўриниб қолиши лозим. Ҳужжат лойиҳасида бу масалаларни ҳам инобатга олиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Ўрол Ўрозбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш