“Аёллар ижтимоий ҳимояси – ижтимоий фаоллик пойдевори”

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши томонидан шу мавзуда форум ўтказилди

Партиянинг Уйчи туман кенгаши, туман Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний”, “Маҳалла” жамоат фондлари ва Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлимлари ҳамкорлигидаги тадбир қишлоқ аёлларининг ўзаро мулоқот майдонига айланди.

Таъкидландики, жорий йилдаги сайловлар учун партиянинг тайёрланаётган янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаларида партия сиёсий позициясининг асоси сифатида ижтимоий ривожланишнинг устувор йўналишлари қамраб олинмоқда. Хусусан, аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар, имконияти чекланганлар турмуш фаровонлигини ошириш, уй-жойга эга бўлиш, тиббий ва коммунал хизматлар мақбуллигига эришиш, бандликни таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича самарали тизим яратиш, одамларнинг яхши яшашга интилишини қўллаб-қувватлаш каби ғоялар илгари сурилмоқда.

Иштирокчиларга партиянинг Сайловолди дастури лойиҳасига хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ қандай таклифларингиз бор, деган саволлар тарқатилди.

Олдинги дастурда хотин-қизлар ўртасида касаначиликни кенг жорий этиш билан боғлиқ мақсадлар ифодаланган. Бу амалий ишларда ҳам кўзга ташланади. Хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилавий тадбиркорликни рағбатлантириш, инсон капиталида аёлнинг ўрни ва фаоллигини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратиш зарур, дейишди иштирокчи аёллар.

Туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Раънохон Назарова, туман Адлия бўлими бошлиғи Ҳалимжон Қобилов, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматуллаев, туман хотин-қизлар қўмитаси қошидаги “Қайноналар мактаби” раҳбари Маликахон Тўхтамирзаева ва бошқаларнинг фикр-мулоҳазалари иштирокчиларни фаолликка ундади. Савол-жавоб ва фикр алмашув асносида янги қабул қилдинган Сайлов кодекси ва унда белгиланган янгича тартиб - қоидаларнинг аҳамияти, депутатликка номзодлар танлашда хотин-қизларнинг номзодларига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

– 5 нафар фарзандим бор. Тақдир тақозоси билан уларни ёлғиз бошим билан ўзим катта қиляпман, – дейди Сайёра Абилова. – Пишириқчиликка қизиқаман, бу иш қўлимдан келади. Бир куни шу ҳақида ўйлаб, ушбу йўналишда иш бошлаш ҳақида фикрга келдим. Туман хотин-қизлар қўмитаси ва ЎзХДП туман кенгашига бордим. Улар менга зарур тавсияларни беришди. Қонуний ҳуқуқларимни ўрганиб, қизларим ва жиянимдан иборат оилавий тадбиркорликка асос солдим. Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиб, шу йил март ойида “Халқ банки”дан ўттиз миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишга муваффақ бўлдим. Пишириқ печи ва миксер сотиб олдим. Ҳозир маҳсулотларимизга талабгорлар сафи кенгайиб бормоқда. ”Ўзбегим” миллий ширинликлари” ёрлиқли пишириқларимиз ўндан зиёд савдо дўконларида сотилмоқда... Айтганча, туманимизда амалга оширилаётган “Обод марказ” давлат дастури доирасида бизга алоҳида жой ажратиб беришмоқчи. Фаолиятимни кенгайтириб, йил якунигача ишчилар сонини 20 нафарга етказмоқчиман.

Фикр-мулоҳаза, савол-жавоблар асносида қизиқарли тус олган форум хотин-қизларни ўйлантираётган айрим масалаларнинг ечимига асос бўлди.

– Мевазор маҳалла фуқаролар йиғини қошида “Оқила-Мадинабону” ўқув маркази очиб, унда 19 нафар ишсиз аёл-қизларга чўқима каштачилик ҳунари ўргатилди. Туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ўрганувчи аёллар стипендия билан ҳам таъминланганди. Аммо икки ойдирки, ўқув марказида мураббийлик қилган икки нафар аёлга иш ҳақи берилмагани учун машғулотлар тўхтаб қолди. Шу масалани бартараф этишга ёрдам сўрамоқчиман.

Маҳалла маслаҳатчиси Ҳамидахон Нўъмонованинг бу сўрови вилоят Кенгаши депутати Нафиса Мамасолиева томонидан форум якунигача ижобий ҳал этиб берилди.

Форум ўтказилган Бирлашкан Маданият маркази биносида бўлиб ўтган “бўш иш ўринлари ярмаркаси”да 13 та меҳнат жамоаси 528 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Меҳнат ярмаркаси давомида 28 нафар аёлга доимий ишлаш учун йўлланма берилди.

Анжуманнинг иккинчи қисми “Бепул тиббий кўрик” акцияси билан давом этди. Тиббий кўрикка вилоят, туман марказидан шифокорлар, тиббий техника воситалари, кўчма амбуланс хизматлари жалб қилинди.

411 нафар қишлоқ аёлларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш давомида шифокорлар 109 нафар аёлда даволаш зарур бўлган турли касалликларни аниқлашди ва даволаниш бўйича тавсиялар беришди.

– Яқин бир йилдан буён бел ва ва оёқ соҳамда симиллаган оғриқ сезаман, – дейди Янгичек маҳалласида яшовчи Муқаддас Қодирова. – Оғриқ ўқтин-ўқтин қаттиқ хуруж қила бошлаганидан хабардор қўшниларим бугунги тиббий кўрик ҳақида айтиб қолишди. Шифокорлар УЗИ, ЭКГ аппаратларида обдон текширишди. Асаб толаларидаги қисилиш умумий ташхиси билан “Ана мед” диагоностика марказига йўлланма беришди. Форум ташкилотчиларига, шифокорларга минг раҳмат...

Шу куни ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги хотин-қизлар ҳолидан хабар олинди. Уларга кундалик маиший воситалар ва озиқ-овқат пакетлари тарқатилди.

Форум якунида ЎзХДП дастурий ғояларини тарғиб этишда фаоллик кўрсатаётган ва ўз иқтидори билан намуна бўлаётган электоратимиз вакилларига партия вилоят кенгашининг ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.

 

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

← Рўйхатга қайтиш