Меҳнат кодекси лойиҳаси ишчи гуруҳи ва экспертлар иштирокида қизғин муҳокама этилмоқда

 

Маълумки, Қонунчилик палатасида янги тaҳрирдaги Меҳнат кодекси лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Меҳнат ва ижтимоий масалалар ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари аъзолари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Aдлия вaзирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси вакиллари ва соҳа экспертларидан иборат таркибда тузилган Ишчи гуруҳи томонидан лойиҳанинг концепцияси бўйича муҳокамалар қизғин тарзда бўлмоқда.

Навбатдаги ўтказилган йиғилишда кодекс лойиҳасининг моҳияти, умумий тузилиши, яъни боб ва моддаларнинг мазмунан кетма-кетлиги ҳамда бир-бири билан боғлиқлиги, қўлланаётган тамойиллар, асосий тушунчалар, меҳнат муносабатлари бўйича эътибордан четда қолган жиҳатлар, ҳаволаки нормалар, бу борадаги халқаро тажрибага алоҳида эътибор қаратилди.

Айтиш керакки, амалдаги кодексда бўлимлар мавжуд эмас. Фойдаланувчиларга янада қулайроқ бўлиши учун ҳозирги лойиҳа 7 та бўлимга ажратилган. Ҳажм жиҳатдан ҳам анчагина катта бўлиб, амалдагисида 16 та боб бўлса, янги таҳрирда 34 та боб киритилмоқда. Моддалар ҳам 3 баравар кўп бўлиб 621 тани ташкил этмоқда (амалдаги 294 модда ўрнига).

Кўплаб янги боблар киритилган ҳамда меҳнатга оид муносабатларнинг қамрови кенгайган. Жумладан, якка тартибдаги меҳнат муносабатлари, мeҳнaт соҳасидaги ижтимoий шeриклик тўғрисидaги aсoсий қoидaлaр назарда тутилган. Меҳнат меъёрлари, ишлаб чиқаришдаги таълим шартномаси, ходимнинг меҳнат хусусиятлари, шароитларини инобатга олган ҳолда меҳнатни тартибга солиш хусусиятлари, микрофирмалар ва иш берувчи - жисмоний шахсларда ишлайдиган шахсларнинг, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг меҳнатини тартибга солиш ҳамда ходимларнинг ўз меҳнат ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қилиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга амалдаги Кодекснинг “Давлат ижтимоий суғуртаси” тўғрисидаги боб ва нормалари лойиҳага киритилмаганлиги, муддaтли мeҳнaт шaртнoмaси тузилиши мумкин бўлгaн мaксимaл муддaтни 5 йилдaн 3 йилгaчa кaмaйтириш ҳам қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

Шунингдек, одатда қонунчиликда тамойиллар қонуннинг дастлабки қисмида келтирилади, унинг мазмуни қисқача баён этилади (баъзиларида умумий келтирилади холос). Ушбу кодексда умумий тамойиллардан ташқари бўлим ва бобга хос бўлган кичик тамойиллар қўлланилаётгани ҳам муҳокамага сабаб бўлди. Ёинки, асосий тушунчалар яхлит тарзда эмас, балки ҳар бир бобда алоҳида келтирилаётгани бўйича ҳам турли фикрларлар билдирилди.

Яна бир муҳим масала. Амалдаги кодексда ҳаволаки нормалар кўп бўлиб, моддаларнинг 25 % кўпинчa мaнзилсиз ҳаволалaрдaн иборат эканлиги алоҳида таъкидланди. Ва ҳозирги лойиҳада иложи борича ҳаволаки нормаларни кам қўллаш кераклиги, тўғридан-тўғри ишловчи қоидаларга урғу бериш зарурлиги бўйича мисоллар асосида мулоҳазалар юритилди.

Кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси бўйича хорижий тажриба юзасидан Ўзбекистон тасдиқлаган (ратификация) халқаро ҳужжатлар, айниқса Халқаро меҳнат ташкилотининг 87-сон, 98-сон, 100-сон, 135-сон, 154-сон, 161-сон, 182-сон конвенцияларида назарда тутилган муҳим нормаларга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Кодекс лойиҳаси мазкур масалага алоқадор бўлган 20 дан ортиқ вазирликлар, қўмиталар, органлар ҳамда нодавлат нотажорат ташкилотлар билан келишилганлиги қайд этилди.

Умуман кодекс лойиҳасида 29 та принципиал янги нормалар киритилган. Буларнинг барчаси халқимизнинг ҳаёти давомида деярли ҳар куни тўқнаш келадиган меҳнат соҳасидаги муносабатларини юқори даражада тартибга солишга қаратилган. Аммо лойиҳани маромига етказиш учун кенг жамоатчиликнинг ҳам фикрлари алоҳида аҳамиятга эга.

Юқоридаги фикр-мулоҳазалар янги тaҳрирдaги Меҳнат кодекси лойиҳасининг умумий жиҳатлари, тузилиши ҳақида бўлиб, ҳали ушбу мавзуда сизлар билан кўплаб масалаларни фикрлашамиз.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП депутати,

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш