Бир болага бутун жамият ота-она

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз раҳбарлигининг илк кунлариданоқ, янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини белгилаб берар экан, асосий эътиборни таълим тарбия тизимига қаратиб келмоқда. Аввало, тизим мажбурий меҳнатдан халос қилинди. Ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам ўз иши, ўқиши билан машғул бўладиган бўлди. Ўқитувчи нафақат моддий манфаатдор бўлмоқда, балки унинг устоз сифатида қадри, масъулияти ҳам ортиб бормоқда.

…Мен ҳам мактабда 19 йил фаолият олиб борган педагог сифатида шуни айтмоқчиманки, мактаб жамоаси билан бирга 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунини ҳам пахта даласида ўтказардик. Туман марказидан 30 км узоқдаги мактабда оддий ўқитувчиликдан бошлаб ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари кейин директор вазифаларида ишладим. 1993-2000 йиллар оралиғида мактабни кўп ўқитувчилар ташлаб, ўзини бизнесга урдилар. Чунки, мактабларда ўқитувчининг ойлик маоши жуда паст эди. Ўқитувчилар қишлоқ хўжалигидан тортиб, кўчаларни тозалаш ишигача жалб қилинарди. Мактаб директори бўлиб ишлаган давримда пахта топшириш учун кеч соат 1-2 гача пахта пунктида қолиб кетардик. Ҳатто мактабларга 1-1,5 қути пилла ҳам бериларди. Мактабларда кадрлар етишмасди. Айниқса, инглиз тили фани мутахассиси бўлмагани сабабли, университетда ўқиётган 3-4 курс талабаларини университет билан шартнома қилиб, мактабга жалб қилганмиз. Мақсад ўқувчиларни номутахассис ўқитувчига бериб, чаласавод қилмаслик бўлган. Шунингдек, кимё, биология, физика фанлари учун лабаратория хоналаридаги жиҳозларнинг маънан эскиргани таълим сифатига салбий таъсир кўрсатар эди.

Бугун вазият бошқача. Таълим тизимида изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Ўқитувчиларга муносабат ўзгаряпти. Ўқитувчининг мақомини белгилаш ҳақида ўйлай бошладик. Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланишини англадик. Учинчи Ренессанс ғоялари билан қуролланиб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари интилишларимиз таълим соҳасининг уйғониши билан ҳамнафас кечмоқда.

Шу кунларда давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон лойиҳаси кенг муҳокама қилиниб соҳага оид таклифлар берилмоқда.

Ўқитувчи — ўзимизга зўрға ишонадиган боламизни ўзимиздан ортиқ ишониб топширадиган инсон. Биз фарзандимизнинг таълим- тарбия олишини, келажаги порлоқ бўлишини ўйлаб шундай қиламиз. Чунки боланинг ҳаёти мактабдан бошланади. Лекин бу бутун масъулиятни мактаб ўз зиммасига олиши керак, деган маънони англатмайди.

Зеро, қарс икки қўлдан. Шунинг учун оила ва ота-онадан бошлаб мактабгача таълим, таълим, ўрта махсус таълим, олий таълим ҳамкорликда бир-бирини тўлдириб ишлайдиган узлуксиз тизим жорий қилиниши керак. Бу тизимнинг маъноси шуки, “бир болага бутун жамият ота-она”. Шу билан биргаликда ота-онанинг ўз фарзандлари учун масъуллигини алоҳида банд билан қонуний мустаҳкамлаб қўйиш керак. Бинобарин, боласининг қобилияти, руҳияти, таълим тарбиясига мутлақо қизиқмайдиган ота-оналар бор. Улар шунчаки қулоғининг тинчини кўриб, боланинг ярим кун мактабда бўлишини истайди.

Биз ўқитувчининг мақоми ҳақида гапирияпмиз. Лекин ўқитувчи аввало, ўзининг кимлигини ўзи билиши керак. Нафақат мактабда, дарсда балки кўча-куйда, тўй-маъракада, бозор-ўчарда ҳам унинг ҳатти ҳаракатида билими, мураббийлик сифати бамисоли қуёш нури каби ёғилиб турсин. Шу сабаб ўқитувчига қўйиладиган талаб ва масъулияти ҳам алоҳида белгиланиши керак.

Ўқитувчи кадрларни ишга олишда ҳам аниқ бир тизим жорий қилиниши лозим. Чунки, унинг олий маълумоти ҳали унинг мутахассис бўлиб етишганини англатмайди. Бошланғич синфларданоқ боланинг қизиқиши ва лаёқати кўзга ташланиб қолади. Шунга қараб иқтидор ва истеъдодларини ажратиб, боланинг бир йўналишда таълим олишини таъминлаш зарур.

Дарсдан кейинги тўгаракларда фақатгина олий маълумотли эмас, балки ўрта умумий маълумот эгаси бўлса ҳам қизиқиши бор, билимли, тажрибали ёшлар ҳам машғулот олиб боришлари мумкин.

Президентимизнинг таълим тарбия масаласига ҳаёт мамот масаласи деб қараб, халққа маслаҳат солаётгани тизимдаги ечимини кутаётган муаммолар шаффофлик билан муҳокама қилинаётгани, қандай маълумот, қайси касб эгаси бўлмасин, ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмаслиги керак. Чунки ёш авлоднинг келажаги учун қайғуриш ватан тараққиётига қайғуришдир.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш