Таълим-тарбия масаласи давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам энг муҳим ишидир

 

Кишининг келажакда қандай инсон бўлиши, шахс сифатида камол топиши, касб танлаши, орзу-ҳаваслари рўёби биринчи навбатда, у айнан қандай таълим олишига боғлиқ. Шу боис мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш, фарзандларимизнинг жаҳон андозалари даражасида замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, кадрлар тайёрлаш сифатини илғор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу жабҳадаги эзгу саъй-ҳаракатлар бугун ҳам изчил, шиддатли давр талабига ҳамоҳанг тарзда давом эттирилмоқда.

Эътибор берган бўлсангиз, бу масала тез-тез муҳокама марказига қўйилмоқда. Таълим соҳасида ислоҳотлар самарадорлигини ошириш Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг кун тартибида турган асосий вазифага айланди. Бунинг учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда. Мазкур соҳани ривожлантириш учун ажратилаётган бюджет маблағлари ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Соҳа ривожига бўлган ана шундай эътибор мактабларда ўқув-тарбия жараёнларини сифат жиҳатидан ўзгартиришга, ўқитувчилар таркибини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Куни кеча Президентимиз раислигида бўлиб ўтган мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишида таълим-тарбия тизими ғоят долзарб, кечиктириб бўлмайдиган давлат сиёсати даражасидаги масала сифатида яна кун тартибига қўйилди. Унда белгиланган вазифалар таълим-тарбияни эндиликда бутунлай янги даражага кўтаришга хизмат қилади.

Видеоселектор йиғилишида таълим соҳасидаги муаммолар, уларни ҳал этиб, таълим сифатини оширишга оид вазифалар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари аввало мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурлигини таъкидлади.

Ҳозирги тез ўзгариб, тез ривожланаётган дунёда замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ёш авлодгина муносиб ўрнини топа олади. Ўзбекистон аҳолиси таркибида ёшлар 60 фоиздан кўпроқни ташкил этади. Ёшларимизга юксак мезонлар асосида таълим-тарбия бериш, уларга янгича, инновацион фикрлаш қобилиятини ўстириш бугунги кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Креатив фикрлайдиган, замонавий кадрлар тайёрлаш бугунги долзарб масаладир. Чунки, илмдан мақсад фақат уни ёд олиш эмас, балки уни идрок этиш, тафаккур қилишдир. Кишида фикр бўлса, демак у мулоҳаза қиляпти, унда мушоҳада бор, у ҳар қандай масалани таҳлил ва талқин қила олади, нима яхши, нима ёмонлигини теран кўз билан кўра олади. Ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурати таълим-тарбия жараёнида нечоғлик аҳамиятга эгалигини шундан ҳам билса бўлади.

Айтиш керакки, бугунги глобал интеграциялашув шароитида, кундалик ҳаётимизга компьютер технологиялари ва Интернет тизими жадал кириб келаётган бир пайтда бу масалага эътиборсизлик билан қарашга ҳаққимиз йўқ. Ҳозир ҳар қандай мавзуда маълумот олиш учун интернет энг яхши манбага айланди. Тўғри, бу қулайлик дегани, лекин қайсидир маънода болада фикрлашни ҳам тўхтатиб қўяди. Оддий мисол келтираман, аксарият ўқувчилар, талабалар тайёр матнни олиб, қатор-қатор маъруза тайёрлайди, иншо ёзади. Шу жараёнда унда ўзи билмаган ҳолда фикрлаш қобилияти сустлашиб бораверади. Чунки у тайёр манбани олиб, шуни кўчиряпти. Мана асосий муаммо. Ёшларни фикрлашга чорлайдиган шундай методика яратиш керакки, улар замонавий технологиялардан узилмаган ҳолда илм олсин, дунёқарашини ўстирсин, фикрласин...

Видеоселектор йиғилишида ҳар бир мактаб рейтингини ҳамда шу асосда таълим сифати бўйича туман, шаҳар ва вилоятлар рейтингини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди. Рейтинг натижаларига қараб, мактаб директорлари ва ўринбосарлари, ўқитувчилар, ҳокимлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо берилади. Рейтингда биринчи бешликка кирган мактаб директорларига маҳаллий бюджетдан устама тўланади. Хусусан, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 бараваридан 12 бараваригача рағбатлантирувчи тўловлар берилади. Шу билан бирга, халқ таълими бўлими раҳбари ва методисти, мактаб директорлари, туман рейтингида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган мактабларнинг 2 нафар илғор ўқитувчисига касаба уюшмалари ҳисобидан ҳар йили сиҳатгоҳларга икки ҳафталик бепул йўлланма берилади. Шунингдек, фидойи педагоглар бошқа йўллар билан ҳам рағбатлантирилади. Бу эса педагогларни янада кўпроқ масъулият билан изланишга ундайди.

Жамиятда ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган киши албатта, ишнинг сифатига қараб рағбатлантириб борилиши зарур. Рағбатлантириш нафақат ходимни қўллаб-қувватлаш, балки меҳнатнинг қадр топиши ҳамдир. Педагогларнинг рағбатлантирилиши ўз навбатида таълим-тарбия сифатига ижобий таъсир этмасдан қолмайди, албатта.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш