Ўқитувчига ҳурмат-эътибор ошган жамият ҳеч қачон кам бўлмайди

 

Эътибор берган бўлсангиз, охирги вақтларда таълим сифатини ошириш ҳақида кўп гапирилди. Ушбу масала жамоатчилик томонидан энг кўп муҳокама этиладиган мавзуга айланди. Бу бежизга эмас, албатта...

Тўғри, мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб таълим соҳасига жиддий эътибор берилди. Лекин, ислоҳотлар асосан таълим муассасалари фаолиятини яхшилашга қаратилди. Мураккаб ўтиш йилларида мактаблардаги маънавий-маърифий муҳит, ўқитувчи касбининг обрўйи, нуфузи пасайиб кетди. Барча соҳада бўлганидек, таълимда ҳам замон билан қадамба-қадам юрадиган соҳа ходимларига эҳтиёж туғилди. Ана шу жараёнда янги давр педагогларини тарбиялаш, педагогика фанини ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини жорий этишга етарли эътибор берилмагани соҳада бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқарди.

Кўп ҳолларда таълимнинг таянчи ҳисобланган ўқитувчилар, педагоглар назардан четда қолиб кетди. Тизим ходимларининг ойлик маошининг пастлиги, улар ўз вазифасидан бошқа ишларга ҳам кенг жалб қилинди. Экин-тикин, йиғин-ўрим палласи келса, улар мажбурий меҳнатга юборилди. Бунинг натижасида ўқитувчиларнинг рейтинг кўрсаткичлари ҳам йилдан-йилга пасайиб борди. Содда қилиб айтганда, педагог-ўқитувчиларнинг обрў-эътибори энг қуйига тушиб қолди. Мана асосий муаммо. Бу эса ўз-ўзидан таълим сифатига ўз таъсирини ўтказди.

Кейинги йилларда амалга оширилган изчил ислоҳотлар ушбу соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган тизимли, айтиш мумкинки, эски муаммоларни тугатиб, янги давр пойдеворини бунёд этиш учун мустаҳкам замин яратди, десак хато бўлмайди.

Айниқса, сўнгги уч йил мобайнида тизимдаги ижобий ўзгаришлар жараёнида ўқитувчилар меҳнатини эъзозлаш, уларни ортиқча ва кераксиз, фаолияти билан боғлиқ бўлмаган юмушларга жалб этмаслик, педагогларнинг касбий малака ва маҳоратини янада ошириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш йўлида амалий қадамлар қўйилди.

“Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида ҳам бу борада механизм очиб берилиши долзарб аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Жумладан, жамиятда муаллимнинг обрў-эътибори ва мақомини кўтариш, ўқув дастурлари ва методикасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва шуни рағбатлантириш, мактаб инфратузилмаси ва ундаги маънавий муҳитни яхшилаш каби масалаларнинг ечимлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Мамлакатимизда мактабгача таълим, мактаб таълими ҳамда олий таълим тизимига ҳамоҳанг тарзда касб-ҳунар таълими соҳасида ҳам давлат сиёсати тубдан ўзгарди. Давлат ва жамият олдида ҳам бу борада муҳим вазифалар кўндаланг қилиб қўйилди.

Хусусан, ҳудудлар ва соҳалар кесимида иқтисодий тараққиётга муносиб ҳисса қўша оладиган ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш, ёшларни малакали меҳнат орқали ўз ҳаёт фаровонлигини таъминлашга ўргатиш, ўз меҳнат фаолиятига инновацион ва креатив ёндашиш, яратувчанлик, интеллектуал, маданий, маънавий потенциални ривожлантириш каби компетенцияларни шакллантириш методологиясини яратиш масаласи кун тартибига чиқди.

Бу вазифаларни амалга ошириш ўз-ўзидан бўлмайди, Тизимда нафақат инновацион муҳит яратиш, балки педагогларнинг малакасини ошириш, ўрта махсус таълими тизимидаги педагогларни ҳам изчил қўллаб-қувватлаш керак.

Нафакат мактаб, балки МТМ, Олий таълим қаторида ўрта махсус таълимдаги ўқитувчиларга ҳам "педагог мақоми" тааллуқли бўлиши керак. Ушбу тизимда меҳнат қилаётган ўқитувчи педагоглар нафақат таълим беради, балки бунёд этиш, янги ғоялар, ташаббускорликка рағбат уйғотиш учун бевосита масъулдир. Яна бир томони, замонавий меҳнат бозорида кадрлар малакасига бўлган талаблар муттасил ва тез ўзгарувчан ҳисобланади. Ўқитувчи ҳам шунга яраша ўрганиши, давр билан қадамба-қадам изланиши керак. Шу маънода ўрта махсус таълими тизимидаги педагог ходимлар ҳам диққат эътибордан четда қолмаслиги керак, деб ўйлайман.

Сир эмаски, таълим масканларида бошқа олий таълим муассасини тамомлаб, педагог сифатида ишлаётган ўқитувчилар бор. Улар йиллар давомида малакасини ошириб, ўқитувчи сифатида фаолият юритиб келяпти. Билим, тажриба, педагогик маҳорати етарли. Лекин тегишли Низомга кўра, агарда педагогика ОТМни битириб келган ходим ишга келса, у жойини бўшатиб бериши керак. Фикримча, шу тартибни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бундай ўқитувчилар орасида ҳужжатида педагоглик бўлмаса-да, салоҳияти, тажрибаси ва илми жиҳатидан педагогика йўналишини битирган ўқитувчидан қолишмайдиган жонкуярлар жуда кўп. Демак, педагоглик мақоми куп йиллар давомида ишлаб келаётган нопедагог ўкитувчиларга ҳам жорий қилинса яхши бўлади. Бу билан таълим масканларида малака ошириб, педагогика йўналишида ишлаётган юзлаб, минглаб ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириш имкони ошади, деб ўйлайман.

 

Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш