ЎзХДП депутатининг Маданият ва Молия вазирларига таклифи

Аксавли ТУМИШОВА, Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:

— Бир гуруҳ кўзи ожиз болалар ота-оналарининг мурожаатида кўтарилган масалани ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган Кўзи ожиз болалар мактаб-интернатидаги 17-мусиқа ва санъат мактаби филиалида бўлдик.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда махсус мактаб-интернатларида 2200 нафардан зиёд кўзи ожиз болалар таълим олмоқда.

Жумладан, 17-сон мусиқа ва санъат мактаби филиалида 128 нафар кўзи ожиз болалар таълим олади. Амалдаги тартибга кўра ҳар бир бола ойига 152 минг сўмдан тўлаб ўқишга мажбур бўлмоқда. Бу аксарият ўқувчилар учун, уларнинг ота-онаси, оиласи учун қийинчилик туғдирмоқда. Чунки кўпчилик кўзи ожиз болаларнинг отаси ё онасида ҳам ногиронлик бўлади, яъни турли қўшимча тўловлар бундай оилаларга оғирлик қилади.

Масала шундаки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2008 йил 31 декабрдаги (46, 121-сонли) қарори билан тасдиқланган “Ота-оналар томонидан болаларнинг мусиқа ва санъат мактабларида ўқиши учун ҳақ тўлаш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом”да келтирилган имтиёзли ўқувчилар таркибида ногиронлиги бўлган ўқувчилар назарда тутилмаган.

Бу эса кўзи ожиз болаларнинг таълим олишида қийинчиликларни келтириб чиқаряпти. Мусиқа ва санъат мактабларида мусиқа таълими 5 йиллик бўлиб, якунида сертификат берилади. Мазкур муаммо оилалари тўловларда қийналаётган кўзи ожиз болалар касбдан бебаҳра қолишига ҳам олиб келяпти.

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг биринчиси айнан ёшларнинг мусиқа ва санъатга қизиқишини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш билан боғлиқ. Ушбу ташаббус асосида мамлакатимизда кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилаётган пайтда кўзи ожиз болаларнинг мусиқа ва санъатга қизиқишини қўллаб-қувватлаш, улар ўқиб-ўрганиши, руҳий оламини бойитиши учун қулай шароит яратиш долзарб масала, деб ўйлайман.

Халқ демократик партияси ғоявий мақсадларидан келиб чиқиб, кўзи ожиз болаларни мусиқа ва санъат мактабларида ўқиш тўловидан озод этишни таклиф этаман. Бунинг учун юқорида қайд этилган низомга шу ҳақда қўшимча киритиш керак бўлади.

Бу ерда аниқлаштирилиши керак бўлган ҳолат ҳам бор. Президентимизнинг 2017 йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, болалар мусиқа санъат мактаблари маданият вазирлиги тизимига ўтказилган. Демак, низомга ўзгартиш ёки қўшимча киритиш Маданият ва Молия вазирликлари ваколатидаги масала бўлиб қолмоқда.

Мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашганимизда кўпчилиги ўқишни давом эттира олмаслиги ҳақида афсусланиб гапирди.

– Сурхондарё вилояти Термиз туманиданман. Бу ерда ўқишимиз учун ҳар ойда 152 минг сўм тўлаймиз. Лекин ота-онам бу маблағни тўлашга қийналиб қолди. Мусиқага жуда қизиқаман, санъат ҳаётимнинг мазмунига айланган. Лекин ота-онамнинг пул тополмай қийналишини ўйласам, юрагим эзилади. – дейди ўқувчи Севара Шобердиева.

Ўтган йили рубоб йўналишида ҳам таҳсил олдим. Аммо бу ерда ўқишни давом эттиришим учун имкониятимиз етмаяпти, оиламиз шароити кўтармаяпти. Иложи бўлса илтимос қилган бўлардим, кўзи ожизлар учун мусиқа мактабида ўқиш бепул бўлса... менга ўхшаган болаларнинг орзулари амалга ошарди... – дейди яна бир ўқувчи Сарвар Болтабоев.

Янги ўқув йили бошланганига ҳали кўп бўлмади. “Ота-оналар томонидан болаларнинг мусиқа ва санъат мактабларида ўқиши учун ҳақ тўлаш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом”га тез орада қўшимча киритилса, қанчадан-қанча кўзи ожиз болаларнинг орзуларини асраб қолган бўлардик. Маданият ва Молия вазирлари шу масала бўйича ўз муносабатини билдиради, деб умид қиламан.

← Рўйхатга қайтиш