Ҳокимнинг маориф бўйича маслаҳатчиси таълимга нима беролади?

Сўнгги кунларда таълим тизимида яқин йилларда амалга оширилиши кутилаётган ислоҳотлар кенг жамоатчилик, ота-оналар, педагоглар ва фарзандлари келажагига бефарқ бўлмаган барча инсонларнинг диққат марказида турибди. Президентнинг тегишли фармони лойиҳасига таклиф бериб, натижасини кутаётганлар ҳам оз эмас. Мана, битта ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси мамлакатда ўзига хос янги маърифий муҳит яратди.

Таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича жуда катта аҳамиятга эга таклифлар илгари сурилди. Менинг фикримча, аввало, уларни амалга оширувчи кадрлар, халқ вакиллари, кенг жамоатчилик тасдиқланиши кутилаётган “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармоннинг мазмун-моҳиятини чуқур тушуниб, тушунтиришимиз керак бўлади.

Фармон лойиҳасида назарда тутилган туман халқ таълими бўлими мудирларига ҳокимнинг маориф бўйича маслаҳатчиси мақоми берилиши масаласи қандай механизм асосида амалга оширилишини ҳар томонлама ўйлаб, бунга пухта ёндашиш зарур.

Ҳокимнинг маориф бўйича маслаҳатчиси ташкил этувчи, бажарувчи ва айни вақтда назоратчи бўлиши талаб этилади. Маслаҳатчи мақомидан таълим сифатини ошириш имконияти сифатида ҳам фойдаланиш зарур. Агар мувозанат тўғи ўрнатилмаса, бу янгилик тизим самарадорлигига салбий таъсир этиши мумкинлигини ҳам эътибордан қочирмаслик керак.

Келинг, маслаҳатчи мақоми берилишининг таълим тизимини ривожлантиришга яратадиган имкониятларини таҳлил қилсак.

Биринчидан, ҳозирда туман халқ таълими бўлими мудирлари ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари билан ҳамкорликда иш олиб боради.

Туман ҳалқ таълимини молиялаштириш бўйича дуч келаётган муаммолари, бюджет тасдиқланиши ёки уларни ижроси бўйича масалалари туман ҳокимининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари томонидан назорат олиб бориладиган иқтисодий тармоқлар орқали бошқарилади. Бу мақом берилиши туман молия бўлими, банклар ва бошқа иқтисодий идоралардаги пайдо бўлаётган сунъий тўсиқларни тармоқ раҳбарлари орқали эмас, тезкорлик билан тўғридан-тўғри иқтисодий идоралар раҳбарлари билан бартараф этиш имконини яратилади.

Иккинчидан, турли ҳамкор ташкилотлар – Ёшлар иттифоқи, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, маданият бўлими, соғлиқни сақлаш тизими билан ўзаро ҳамкорликдаги вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича имконият кенгаяди. Ижроси сабабсиз кечиктирилаётган масалалар юзасидан туман ҳокими орқали таъсир чораларини кўриш ҳамда ўз вақтида муаммоларни бартараф этиш имкони пайдо бўлади.

Учинчидан, таълим муассасаларида турли ноқонуний текширувларнинг олдини олишда тезкорлик ошади.

Тўртинчидан, маҳаллий бюджетдан орттирилган маблағлар ҳисобидан таълим соҳасини ривожлантириш учун ажратиладиган маблағлар ҳажмини кўпайтиришга эришиш имконияти яхшиланади.

Бешинчидан, тумандаги тўртта сектор раҳбарлари билан ўзаро ҳамкорликда иш ташкил этиш ҳамда муаммоларни ҳал қилиш мумкин бўлади.

Олтинчидан, Учинчи Ренесанснинг бешинчи устуни бўлган ота-оналарнинг таълим билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқиш, фарзанд тарбиясида ота-оналарнинг масъулиятини оширишда бошқа тузилмалар билан ҳамкорлик қилиш тизими яратилади.

Еттинчидан, мактаблардан кундалик хабардор бўлиб туриш муҳим, аммо туман халқ таълими бўлим мудирларининг аксарияти хизмат машиналари билан таъминланмаган. Бу ҳар хил салбий ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўлиб келяпти. Маориф бўйича маслаҳатчининг туман ҳокими ўринбосари даражасида мавқега эга бўлиши бу каби ноқулайликларнинг олди олинишига шароит яратиши керак.

Энди бу масалада таклифим бор. Туман халқ таълими бўлимларининг мутахассисларининг ижро интизомига риоя этиши юзасидан назорат аввало мудир ўринбосари зиммасида бўлиши мақсадга мувофиқ. Айрим туманларда ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда, туман ҳалқ таълими бўлими мудири ўринбосари лавозими жорий этилмаган. Бу нотўғри, деб ўйлайман. Халқ таълими вазирлигига туман халқ таълими бўлимининг штатлар жадвалини қайта кўриб чиқишни, барча туманларда мудир ўринбосари штат бирлигини жорий этишни таклиф этаман.

 

Шоҳиста ТУРҒУНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш