Маҳаллий Кенгаш депутатларининг дахлсизлик кафолати кучайтирилиши зарур

 

Амалдаги қонунчиликка кўра, маҳаллий Кенгашлар депутатини жиноий жавобгарликка тортишга, қамоққа олишга ёки суд тартибида маъмурий жазони қўллашга розилик олиш тегишли Кенгаш томонидан кўриб чиқилиши, сессиялар оралиғида эса мазкур Кенгаш раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинган қарор кейинчалик тегишли Кенгаш томонидан тасдиқланиши белгиланган.

Аммо бу ҳақдаги маълумотлар ажабланарли. 2015–2019 йилларда 200 дан ортиқ ҳолатда (60 фоиз) маҳаллий Кенгаш депутатини жиноий жавобгарликка тортишга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида маъмурий жазони қўллашга розилик бериш тегишли маҳаллий Кенгашлар раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан амалга оширилган. Буни қандай тушуниш мумкин?..

Аниғи шуки, бу маълумот депутатнинг дахлсизлиги амалда тўлиқ кафолатланмаганини билдиради. Мансабдор шахснинг чиқарган қарори халқ вакилининг асосий ҳуқуқини чеклаб қўймоқда. Кенгашдаги депутатларнинг фикрлари олинмасдан, бу ҳақдаги масалалар ошкора муҳокама этилмасдан келмоқда.

Хорижий тажрибага эътибор берсак, Германия, Озарбайжон, Россия ва Франция каби мамлакатлар қонунчилигида депутатни жавобгарликка тортиш масаласи фақат тегишли вакиллик органининг розилиги билан амалга оширилиши мустаҳкамланган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига тегишли тартибда ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда.

Унга асосан депутатни жавобгарликка тортишга розилик беришни сессиялар оралиғида ҳал этиш амалиётидан воз кечиш масаласи Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан муҳокама этилмоқда.

Маҳаллий кенгаш депутатининг дахлсизлик масаласи фақатгина тегишли Кенгаш томонидан кўриб чиқилиши депутатларнинг дахлсизлик кафолатлари кучайтирилиши ва уларнинг мақоми янада ошишига хизмат қилади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш