Ўз тақдирига бефарқ бўлмаган ёшлар

Ўзбекистон ХДП «Ёшлик» талабалар шаҳарчаси раиси Нилуфар Алибоевани ҳар доим ёшлар орасида учратамиз. У йигит-қизларнинг ўй-фикрлари, муаммолари билан қизиқади. Бирор лойиҳани амалга оширмоқчи бўлса, улар билан маслаҳатлашади. Нилуфар Алибоева бу галги тадбирида ҳам шу анъанага содиқ қолди.

Халқаро Ислом академияси қошидаги Ислом академик лицейига етиб борганимизда тадбир бошланишига анча вақт бор эди. Шунга қарамай иштирокчилар йиғилиб бўлишган экан.

— Бугун мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий жараён – сайловларга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда, – дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Аброр Қурбонов. – Сайлов кампаниясида ёшлар ҳам фаол иштирок этади. Шу боисдан сайлов қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиликлар билан уларни таништириш муҳим аҳамият касб этади. Ёшларнинг аксарияти сайловда илк бор овоз беришади. Бундай йигит-қизлар сайловга оид қонунчилик талабларини яхши билишлари ва унинг моҳиятини чуқур англаб етишлари лозим. Бугунги тадбирда ҳам айнан ёшларнинг сайловлар ҳақидаги билимларини ошириш, уни ўтказиш тартиб-қоидалари, Ўзбекистон Республикаси Конституциядаги ва сайлов қонунчилигидаги ўзгартишлар билан таништириш, ёшларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан фойдалана олишлари, сайлов жараёнларида фаол қатнашиш лозимлиги тўғрисида тушунчалар берилди.

— Бугунги давра суҳбатида сайлов жараёнларида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш борасида сўз борди, — дейди Шохруҳ Келдиёров. — Биласизми, сайловга бориб, овоз берсак бўлди, деб ўйлаган эканмиз. Аслида бу катта масъулият экан. Айниқса, келажагимиз биз танлаган номзодларга ҳам боғлиқлигини англаб, ҳозирдан сиёсий партияларнинг фаолиятига қизиқдим. Мен овоз бермоқчи бўлган номзод қандай ҳислатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида чуқур ўйлай бошладим. Интернетдан янги Сайлов кодексини юклаб олдим. Тадбирда берилган маълумотларни оила аъзоларимга ҳам етказаман.

Тадбир якунида мутахассислар ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши

Матбуот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш