Оммавий спорт жамият кайфиятини кўтаради

 

Бутун инсониятни хавотирга туширган коронавирус пандемияси барчамизга кўп сабоқ берди. Мутахассислар жисмоний фаоллиги кам бўлган, нотабиий маҳсулотлар билан овқатланадиган инсонлар вирусга тез енгилиши ҳақида қайта-қайта огоҳлантиришмоқда. Бундай вазиятда ҳар биримиз ўз саломатлигимиз учун масъулиятни зиммамизга олишимиз зарур бўлмоқда. Агар инсоннинг ўзи ҳаракат қилмаса, тиббиёт ёрдам бериши қийин эканини тушуниб етмоқдамиз.

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони шу нуқтаи назардан жуда муҳим ҳужжат ҳисобланади. Ушбу ҳужжат жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш масалаларини қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

“Соғлом турмуш тарзи” тушунчаси кенг маънога эга. У кўпроқ жисмоний фаоллик, тўғри ва сифатли овқатланиш, гигиеник қоидаларга амал қилиш, зарарли одатлардан ўзини тута билиш заруриятини ўз ичига олади.

Мутахассисларнинг фикрича, кўп ўтириш, камҳаракатлилик, руҳий зўриқишлар турли касалликларга, жумладан, юрак қон-томир, нафас олиш ва эндокрин системаси касалликларига олиб келади. Серҳаракатлилик эса организмни табиий равишда рағбатлантириб туради, хавфли касалликларнинг олдини олади.

Ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик саломатлик учун ниҳоятда фойдали экани исботланган. Серғайрат, тиниб-тинчимайдиган одамлар доимо тетик, бардам юради, саломатлигида муаммо бўлмайди. Бундай киши ҳаётдан янада кўпроқ завқ олиб яшайди, ишчанлик қобилиятини сақлай олади.

Аммо очиғини айтиш керак, кейинги вақтларда одамлар ўртасида жисмоний фаоллик сезиларли даражада камайди. Ҳаракатсизлик оқибатида юзага келувчи соғлиқ муаммоларидан замонавий тиббиёт ёрдамида нисбатан халос бўлишга одатланиб қолинмоқда. Лекин тиббиёт ҳар қанча ривожланмасин, серҳаракатлилик, жисмоний машқлар энг зўр дорилар билан ҳам эришишнинг имкони бўлмайдиган самарани, фойдани беради.

Ўзбекистонда олиб борилган тадқиқотлар кўрсатишича, касалликларнинг 85 фоизи фуқароларнинг соғлом турмуш тарзига амал қилмаслиги натижасида келиб чиқаётган экан. Узоққа бормайлик, мисол тариқасида бугун ҳаётимизда, атрофимизда бўлаётган жараёнларни олайлик. Камҳаракатлик айнан COVID-19 касаллигининг оғир кечишига сабаб бўлаётгани ҳам ўз исботини топди. Демак, жисмоний фаоллик нафақат шахс, балки у яшаётган жамият учун ҳам муҳимдир.

Шунинг учун Фармонда соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Унга кўра, эндиликда ҳар бир оила, маҳалла ва туман, шаҳарда, таълим муассасаларида ҳамда бошқа ташкилотларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратилади.

Аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи” (www.1hls.uz) платформаси яратилади. Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги фуқаролар моддий рағбатлантирилади. Бу қўшимча рағбат вазифасини ўтайдиган, одамларни қизиқтирадиган муҳим янгилик бўлади, деб ўйлайман.

Яна бир аҳамиятли томони, эндиликда ҳудудларда “Саломатлик йўлаклари” барпо этилади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2021 йил давомида босқичма-босқич барча туманларда аҳоли учун қулай бўлган кўчаларда умумий узунлиги 50 километр бўлган пиёда ва велосипедда юриш учун “Саломатлик йўлаклари”ни ташкил этиши белгиланди. 2022 йилдан бошлаб эса Нукус, Бухоро, Нурафшон, Самарқанд, Термиз, Хива, Шаҳрисабз ва Қўқон шаҳарларида ҳамда 2023 йилдан бошлаб эса республиканинг барча йирик шаҳарларида пиёда ва велосипедда юриш учун йўлаклар қурилади.

Оммавий спорт билан ушуғулланиш учун шароит яратиш, айниқса, шаҳар жойларда юриш, югуриш учун махсус ва хавфсиз йўлаклар ташкил этиш жуда муҳим масала. Афсуски, шаҳарларимиз ҳали бунга мослашмаган, бир хил шаҳарларда бемалол юрадиган оддий йўлаклар ҳам йўқ. Энди ҳар бир ҳокимлик қурилиш режаларини белгилашда бу масалага алоҳида эътибор қаратиши талаб этилади.

Бундан кейин жамиятимизда соғлом ҳаёт тарзига риоя этиш, ўз саломатлиги ҳақида қайғуриш изчил қўллаб-қувватланади. Жамиятда саломатлик даражаси қанчалик юқори бўлса, кайфият ҳам баланд бўлади, халқимизнинг касбий етуклиги ва ижодий ўсиши ошиб бораверади. Соғлом инсон яратувчанлик вазифасини бажаради, руҳий, интеллектуал ва жисмоний қобилиятнинг манбаси ҳисобланади.

 

Шербек БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш