“Аёллар бандлиги — оила фаровонлиги” лойиҳаси Бойсунда

 

Аёл банд бўлса оиласининг моддий таъминотига ҳисса қўшади, оила ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлади, унинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошади. Ўзбекистон ХДПнинг “Аёллар бандлиги — оила фаровонлиги” лойиҳаси айнан шу мақсадларни кўзлаган эди ва бу ўз натижасини бермоқда.

Ушбу лойиҳанинг амалий натижасини Бойсундаги чекка ҳудудларда истиқомат қиладиган аёллар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон ХДП Бойсун туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Зоҳида Ўзбекова Бойсун тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимидаги партиямиз фаоли Саодат Жўрақулова билан биргаликда тумандаги "Пасурхи" маҳалласига борди.

Дастлаб аёлларни қийнаётган муаммолар ва уларнинг талаб, эҳтиёжларини ўрганишди. Ишлаш ва касб-ҳунар ўрганиш истагида бўлган хотин-қизлар рўйхатини тузишди. Сўнг ҳунарманд аёл сифатида вилоятда танилган Норхол ая хонадонида бўлишди.

Норхол ая тўн, дўппи, каштали сумкалар, қуроқли кўрпа, ёстиқ, зардўзи кашталар тикиш билан анча йиллардан бери шуғулланади, тайёрлаган маҳсулотлари ҳам харидоргир. Ўз ҳунармандчилигини кенгайтириш мақсадида шогирдлар олиб, ўз ҳунарини ўргатишга ҳамда каштачиликдан хабари бор аёлларни иш билан таъминлашга бажонидил рози бўлди.

Натижада маҳалладаги 4 нафар хотин-қизлар Норхол аяга шогирдликка тушди, яна 6 нафар аёллар Норхол ая берган маҳсулотларни уйида ўтириб, тайёрлаб беришади.

Шу куни ҳунарманд онахон шогирдлари билан Ўзбекистон ХДПни танлади ва уларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш