Президент Фармони ижроси нега пайсалга солинмоқда?

ёхуд ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий аҳволи қачон яхшиланади?

Шуҳрат ТУРСУНБАЕВ, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:

— 2017 йил 1 декабрда давлатимиз раҳбарининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётига жалб қилиниши ва фаол иштирокини таъминловчи инклюзив таълим ва ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш масаласи назарда тутилган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси жамиятда ногиронлиги бўлган шахсларга тўсиқсиз муҳит яратилишига эришишни мақсад қилган. Партиянинг парламентдаги фракцияси бу борадаги қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Яъни “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кенг муҳокама қилиб, унда белгиланган вазифаларни ҳаётга тадбиқ этишнинг янги механизмларини таклиф этаяпти.

Партиямиз фикрига кўра, ногиронликни белгилашнинг эски, самарасиз тизимидан воз кечиш керак. Лойиҳада яна ўша эски механизм, яъни ногиронликни белгилаш ва ҳисобга олишнинг “мурожаат қилиш” шакли белгиланган. Бу эса турли бюрократик тўсиқлар, ортиқча мураккабликларни юзага келтиради. Сабаби, шу вақтгача тиббий ижтимоий диагностик муассасалар фақат мурожаат қилган шахсни ногирон, деб тан олиш билан чекланган. Оқибатда мазкур йўналишдаги давлат статистикаси ҳам шу кўрсаткичларга асосан юритиб келган. Аммо тиббий муассасаларга мурожаат қилгани учун ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланмайдиган юртдошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатлари нима бўлади?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда, ер юзи аҳолисининг 15 фоизи ногиронликдан азият чекади. Мамлакатимизда расман рўйхатга олинган ногиронлиги бўлган шахслар 700 мингдан ортиқроқ бўлса, уларнинг барчаси мурожаат қилганлиги учун тиббий меҳнат экспертизаси хулосасига асосан рўйхатга олинган ҳисобланади. Биз ногиронликни фақат тиббий касаллик эмас, балки жамиятнинг бир бўлаги деб қараймиз. Шу сабабдан мавжуд ногиронликни белгилаш “тиббий модели”дан, “ижтимоий модели”га ўтиш тарафдоримиз. Шунинг учун қонун лойиҳасига ногиронликни белгилашнинг янги тизимини, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари киритилмоқда.

Бу нималарда акс этади? Биринчи навбатда, тўсиқсиз муҳит яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларни ўз вақтида ҳисобга олишнинг самарали механизмларини яратиш керак, деб ўйлаймиз. Яъни, ногиронликнинг белгилари пайдо бўлган даврдан бошлаб уларни кузатиб бориш тизими бирламчи тиббий муассасалар томонидан олиб борилишини таъминлаш лозим. Шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий аҳволини мониторинг қилиш, уларнинг турмуш шароитларини ҳар томонлама баҳолаш тизимини яратиш, индивидуал ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилиши мажбурийлиги масалаларини қонунга киритиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Лойиҳада таълим олиш, касбга тайёрлаш масалалари ўрин олган. Лекин бу билан чегараланмаслик керак. Амалдаги қонунчиликда кўрсатилганидан фарқли ўлароқ, инклюзив таълимни кучайтириш, яъни тўсиқсиз таълим олиш методларига ўтишни қонунга киритиш орқали “Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция талаблари бажарилади.

Тўғри, бугун мамлакатимизда олий таълим олишни истаган ногиронлиги бўлган шахсларга имконият яратилди, ҳар йили 2 фоизлик квота ажратилмоқда. Ўтган йили мингга яқин шундай фуқаролар таълимга жалб этилди. Бу яхши, албатта. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Уларга олий таълим олиш учун институт ва университетларда қандай шароит яратилди? Ногиронлиги бўлган шахслар ўқув биноларига кириб-чиқишда ҳеч қандай тўсиққа дуч келмаяптими? Улар олий таълим олиши учун шароит етарлими? Афсуски, бу каби саволларга “ҳа” деб жавоб бера олмаймиз...

 Шуларни ҳисобга олиб, ЎзХДП фракцияси аъзолари ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, акйниқса, бу борада инклюзив таълимни кучайтириш таклифлари билан чиқади.

Теглар

Тошкент Депутат
← Рўйхатга қайтиш