ЎзХДП фракцияси: битта масалани ҳал этиш мақсадида бошқа чигал муаммони келтириб чиқармаслик зарур

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партиясининг фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар билан бирга, вазирлик, ташкилотлар вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этди.

Йиғилиш аввалида фракция раҳбари Улуғбек Иноятов 6 ноябрь куни Президентимиз бошчилигида тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида келтирилган таҳлилий рақамлар, танқидий фикр-мулоҳазаларга алоҳида эътибор қаратди.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган аниқ ва қатъий вазифалар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини замон талаблари даражасига олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.

Маълумки, видеоселекторда кадрлар масаласи атрофлича кўриб чиқилди. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд шифокор штати бор, лекин атиги 12 минг мутахассис ишламоқда. Чунки бугунги кунда умумий амалиёт шифокори касби олий ўқув юртлари битирувчилари учун жозибадор эмас. Ходимларни рағбатлантириш, малакаси ва лавозимини оширишга эътибор йўқ. Шу боис шифокорларга муносиб шароитлар яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин – қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Бирламчи бўғин тиббиёт ходимларини рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бу тизимда ижтимоий адолатни таъминлашда, ҳар қандай вазиятда, ҳар қандай қийин шароитларда кўп аҳолига хизмат кўрсатадиган ходимлар меҳнати муносиб қадрланишини англатади.

Шунингдек, шифокорларга муносиб шароитлар яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин – қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш юзасидан “Қишлоқ шифокори” дастурини жорий этиш топшириғи берилди. Бу узоқ ҳудудларда тиббий хизмат сифатини ошириш билан бир қаторда, бирламчи бўғинда ишлаётган шифокорларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини кўпайтириш учун катта аҳамиятга эга, дейишди фракция аъзолари.

Халқ демократик фракцияси аъзолари бу масалалар партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳанг эканлиги партия депутатлари ва фаоллари зиммасига катта масъулият юклаши таъкидланди. Тиббиёт тизимини ислоҳ этиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси устидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар берилди. Маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари билан биргаликда ҳудудларда тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш, назорат-таҳлил ишларини кучайтириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, парламент депутатлари ишчи гуруҳларга бўлинган ҳолда, тиббиётнинг қуйи тизимини ўрганишга киришади. Шунингдек, ўрганиш жараёнида Президент томонидан таклиф этилган янги механизмларни самарали амалиётга жорий этиш масалаларига, бу борада таклифларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади.

Йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди. Хусусан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўйича қизғин баҳс-мунозара юритилди.

Маълумки, якка тартибдаги тадбиркорлик жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) томонидан тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга оширишдир. Мазкур қонунда ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар товарлар тайёрлаш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун кўпи билан беш нафар шогирдни уларга тегишлича ҳақ тўлаган ҳолда жалб этишга ҳақли экани қайд этилган.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар чекланмаган миқдорда шогирдларни жалб этишга ҳақли эканини белгилаш назарда тутилган.

ЎзХДП фракцияси аъзолари – Сафар Остонов, Зуҳра Шадиева таклиф этилаётган меъёр ҳунармандларга қулайлик яратиш билан бирга, шогирдликка жалб этилувчиларнинг ҳуқуқлари, манфаатларига, ҳунар ўрганиш сифатига салбий таъсир этиши мумкинлигини айтиб, қонун лойиҳасига эътироз билдиришди.

Фракция аъзоси Мақсуда Ворисова иш ўринлари яратиш, бандликни таъминлаш стратегик вазифа эканини, қонунда масаланинг барча жиҳатларини ҳисобга олиш кераклиги, ҳунар ўрганувчиларнинг вақти беҳуда кетиши, ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш зарурлигини таъкидлади.

Шогирдларни жалб этишда сон чекланмаслиги амалиётда турли хил кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқариши, амалдаги қонунчиликда якка тартибдаги тадбиркорлик учун белгиланган меъёрлар жиддий равишда бузилиши мумкинлигига эътибор қаратилди.

Битта масалани ҳал этиш мақсадида қонунга ўзгартириш киритиб, бошқа чигал муаммони келтириб чиқармаслик зарур, деган якдил позиция билдирилди. Ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорларга шогирдларни жалб этишнинг чекланган сонини белгилаш ҳақидаги қатъий таклиф билан қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасига ташаббускорлар томонидан тайёрланган тушунтириш хати белгиланган талабларга умуман жавоб бермаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Фракция йиғилиши кун тартибидаги бошқа қонун лойиҳалари ҳам атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш