Сенатор ва мардикор аёллар нима ҳақда суҳбатлашди?

Мақсуда ВОРИСОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Ҳар бир инсон дунёга яшаш ва бахтли бўлиш учун келади. Лекин ҳаётда ҳаммамизнинг тақдиримиз ҳар хил.

Тақдирлар аянчи бўлишига нима сабаб?

Ҳолатни ўрганиш учун мардикор бозори, аниқроғи, аёл мардикорлар ҳузурига борганимдан кейин бу савол миямда тинмай айланмоқда.

«Ориятимиз, виждонимиз сусайиб бораётгани – мардикор аёллар. Биз авлиёларнинг авлодларимиз. Бизга бу нарса ор, уят. Хотинимизни кўчага чиқариб, мардикор қилишдан ўлганимиз афзал», деган эди кўп йиллар олдин раҳматли Фозил қори Ёсин ўғли.

“Мардикор бозор”, деган тушунча катта-кичик шаҳарларимиз, туман марказлари учун одатий ҳол бўлиб қолди. Уларнинг ўз ички таркиби, тартиби, бошқаруви шаклланди.

Бу аёллар оғир шароитларда ноқонуний фаолият билан шуғулланишларига нималар сабаб бўляпти? Фақат ишсизликми? Муаммони чуқурроқ ўргансак, унинг биз кўрмаган жиҳатлари очила бошлайди.

Бу мардикор аёллар юртимизда кенг нишонланган хотин-қизлар байрами тадбирларини, томошаларини, концертларини телевидение орқали кўришмайди дейсизми? Чиройли либосларда, кўкракларига нишонлар тақиб, гуллар билан давранинг тўрида савлат тўкиб ўтирган юртдош аёлларни кўриб ҳавас қилмайди, деб ўйлайсизми?

Мардикор аёллар бозорида мактаб ёшидаги қизлардан тортиб, пенсия ёшидаги аёлларгача учратиш мумкин. Аёллар билан суҳбатлашиб, уларнинг тарихларини эшитиш натижасида бу ердаги аёллар турли тоифага бўлинишига гувоҳ бўлдик. Биринчи тоифа чиндан ҳам қийналган, ҳар қандай ишдан бош тортмай, ҳалол меҳнат қиладиган аёллар, иккинчи тоифа маълум маънода дангасалик, боқимандаликка ўрганиб, мардикор бозорига чиқишни ўзига “касб” қилиб олганлар. Бу тоифа вакиллари ишсизлик ва бошқа муаммоларни рўкач қилишади. Маълум бўлишича, уларга ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуддан иш топиб берилса ҳам ойлик маош озлиги баҳонасида шаҳарда мардикорлик қилишни маъқул кўришади. Яна бир тоифа аёллар борки, уларнинг машғулотлари ҳақида гапиришга ор қиласан.

Уларнинг турмуш шароитлари, турар жойлари ҳақидаги саволларга ҳам турлича жавоб олдик. Баъзилар кимнингдир бостирмасида, ҳеч қандай шароит йўқ жойда яшашга мажбур (ойига 150-200 минг сўм ижара ҳақи тўлаб). Баъзилар бировнинг 1 хона уйини ижарага олиб ойига 300-400 минг сўм ижара тўлайди. Бир қисм аёллар бутун оиласи билан шу ерда яшашини айтишди. Бир келинчак 9 ойлик боласини онасига қолдириб ишга чиқишга мажбурлигидан нолиди. Ҳар куни шафқатсиз бозор қонунияти билан яшаш аёлларга ўз ҳукмини ўтказган. Баъзиларининг юзидан андиша, уятчанлик қочгандек, баъзилари доимий оғир меҳнатдан эрта қаригандек кўринади. Мардикорчиликка янги чиққанлар тортиниб, қўрқиб туришидан дарров кўзга ташланади. Аёлларнинг бир кунлик даромадлари 70 минг сўмдан 100 минг сўмгача экан. Лекин бу пулнинг устида биз билмаган бир қанча чиқимлар ҳам бор.

Улар орасига кириб кўрсангиз талай муаммоларнинг гувоҳига айланасиз. Ёки кимларнингдир хатоси туфайли уй-жойсиз қолган, тақдир зарбалари сабаб оталик, оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган инсонлар бор.

Мардикор аёллар бозоридан ўтиб борарканман, уларнинг чеҳрасидан «Тезроқ иш чиқақолсайди, бугунги ризқимни топсайдим», деган хавотирли нигоҳни илғайман. Ўттиз ёшдан эллик ёшгача бўлган бу мардикор аёлларнинг бугунча куч-қувватлари бор, соғлиқлари ҳам ҳали панд бериб улгурмади, лекин эртагачи? Кексайганда, бирон касалликка чалиниб қолганларида ким уларнинг жонига оро киради? Бир аёлдан ёшини сўрадим, “45 даман”, деди, “10 йилдан кейин пенсияга чиқишингиз керак, бирор жойда расмий ишлаганмисиз”, деган саволим жавобсиз қолди. Ҳозир кучингиз бор, эртага қариб кучдан қоласиз, соғлиғингиз кетади, пенсия олмасангиз қариган кунингизда қандай тирикчилик қиласиз, деган саволга ҳам сукут жавоб бўлди.

Аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, оиласини фаровон қилиш, улар учун янги иш ўринлари яратиш Президентимиз томонидан устувор вазифа сифатида барча давлат ва жамоат ташкилотларидан қатъий талаб қилинмоқда. Лекин мамлакатимизнинг турли ҳудудларида норасмий тарзда шаклланган “Мардикор бозорлари” ҳамон аёллар билан гавжум. У ерда мунғайиб, иш қидириб юрган хотин-қизларнинг сони эса камаяётгани йўқ...

Соат кундузги 11 дан ошганига қарамай ишсиз қолган аёллар билан анчадан бери ўйлаб юрган таклифларимни муҳокама қилдик.

 

Таклифлар қуйидагича:

  1. Барча шаҳарларда, туман марказларида, умуман, имкон даражасида ҳозир норасмий мардикор бозорлари ташкил бўлган ҳудудларда тадбиркорлар томонидан иш билан таъминлаш марказлари ташкил этилиши.
  2. Марказ қошида санитар талабларга жавоб берадиган арзон ётоқхона, ошхонаси билан фаолият юритиши.
  3. Марказ томонидан иш изловчиларнинг касби, имконияти акс эттирилган электрон база ташкил этилиб, фуқаролар ва ташкилотлардан тушган талабларга асосан иш кучи билан таъминлаш.
  4. Ётоқхонада вақтинчалик рўйхатга туришни жорий этиш.
  5. Марказ вақтинчалик иш билан таъминлаётган фуқаролар пенсия жамғармасига маблағ ўтазиши ҳисобига уларга меҳнат дафтарчаси юритилиши ва стаж ҳисобланиши.
  6. Шаҳар ва туманлардаги қурилишларга оддий ишчилар шартнома асосида ана шу марказлар орқали ёлланиши.
  7. Бола тарбияси билан машғул аёллар ёки иш қобилияти сақланган пенсионерларни ҳам қисқа муддатли иш билан таъминлашни йўлга қўйиш (қисқа муддат энагалик, оилавий тадбирлар ўтказишда ёрдам, бошқа хўжалик ишларида ёрдам ва шунга ўхшаш).

Менинг таклифларимни аёллар жуда катта қизиқиш билан эшитишди, “опа, қачон марказ ташкил этасиз?”, деган саволлар беришди, агар айтсангиз, “каттаконлар”нинг олдига ўзимиз илтимосга борамиз, деб ёрдам беришга ҳам тайёр бўлишди.

Норасмий мардикор бозорларимиз бугунги реал ҳаётдаги факт. Уларни бир неча марта таъқиқ ва буйруқлар билан тугатишга ҳаракат қилинди, аммо натижа бўлмади. Бандликка кўмаклашиш марказларининг фаолияти ҳам бу муаммони еча олмаяпти. Демак, аҳоли талабига мос келадиган, унинг муаммоларини ҳал қиладиган ечим топишимиз шарт.

← Рўйхатга қайтиш