Байроқ – руҳимиз билан ҳамоҳанг эзгулик рамзидир

 

Давлат рамзлари ҳақида гап кетганда, бир нарсага ҳайратланаман. Инсон она юрти мадҳиясини эшитиб туриб кўзидан беихтиёр ёш чиқади. Мадҳиянинг ўзига хос мусиқаси ва сўзларидаги илоҳийлик қалбимиздаги Ватанга муҳаббат туйғуси билан ошуфтадир. Лекин инсон Ватан байроғини кўриб ҳам кўзига ёш олиши мумкин. Байроқда сўз ва мусиқа бўлмаса нима сабабдан йиғлашимиз мумкин? Сабаб нимада деб ўйлайсиз?! Aлбатта, тўғри топдингиз, қачонки давлат рамзи ўша юрт тарихи, маънавияти ва келажагига бўлган ишончни ўзида акс эттирсагина инсонга, унинг рухиятига таъсир ўтказади.

Ҳар бир мустақил давлатнинг ўзига хос рамзлари бўлиши керак шулардан бири, албатта, давлат байроғидир. 1991 йил 18 ноябрь Ўзбек халқи учун тарихий кун яъни Давлат байроғи қабул қилинган кун сифатида нишонланади. Байроғимизда акс эттирилган ҳар бир тасвир ва ранглар ўзига хос маънога эга ҳисобланади.

Мовий ранг - мусаффо осмон, оқ - тинчлик, қизил - танамизда оқаётган қон, яшил - тўрт фасли мукаммал бўлган она табиатимиз рамзи ҳисобланади. Байроғимиздаги ўн иккита юлдуз - ўн иккита вилоят ҳамда Ватанимиз сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида “Нужум илми” тараққий этганлиги билан изоҳланади, ярим ой тасвири Ислом оламида янги даврни бошланиши, эзгулик ва у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳисобланади.

Барча сиёсий тадбирлар ҳамда спорт мусобақаларида юртимиз рамзи бўлмиш байроғимизни кўрамиз, албатта, бу ҳар биримизда фахр туйғусини ҳис қилдиради. Тасаввур қилинг, бир спортчимиз халқаро майдонда зафар қучди ва унинг шарафига юртимиз байроғи баланд ҳилпиради ва бизда беихтиёр кўз ёшлар пайдо бўлди. Ҳеч қачон бунга сабаб қидириб кўрмаганмиз, чунки давлатимиз рамзи бўлмиш байроғимиз танимиз ва руҳимизга сингиб кетган, шунинг учун ҳам бунга сабаб қидирмаймиз.

Ана шундай фазилат ҳар бир инсон онгу шуурида Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдиради.

Байроғимиз кўкда ҳилпирар экан, ўзбек миллати барҳаёт, Ватанимиз бардавом. Барчамизга руҳимиз билан ҳамоҳанг бўлган рамз қабул қилинган кун муборак бўлсин! Ватан байроғини ардоқлайлик!

 

Шохрух ЎКТАМОВ

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари,

Ёшлар парламенти аъзоси.

← Рўйхатга қайтиш