Томорқаларни сув билан таъминлашга тизимли ёндашув зарур

Боймурод ЮСУПОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:

— 2019 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашишнинг асосий йўналишлари бандлик соҳасида янгича ёндашувларни жорий этиш, жумладан, давлат ва хусусий бизнес ўртасидаги ҳамкорликка асосланган ҳолда меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантириш, ишсиз аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштиришда самарали чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган.

Хусусан, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш билан бирга аҳолини ўз-ўзини банд қилишни рағбатлантириш, тижорат банклари ва бошқа мақсадли жамғармалар маблағлари ҳисобидан “Ҳар бир оила - тадбиркор” ва бошқа дастурлар доирасида кредитлар бериш орқали 191,5 минг иш ўрни ташкил этиш, мавсумий ва вақтинчалик ишлар, айниқса “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида 63,0 минг аҳолини вақтинчалик ва мавсумий ишларда бандлигини таъминлаш белгиланган.       Бундан ташқари, бу йилги давлат буюртмасида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 21 929 иш ўрни яратиш белгиланган.

Кейинги йилларда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмларини кўпайтириш, қишлоқ аҳолисининг даромади ва турмуш даражасини яхшилашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.

Депутатларимиз томонидан уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан, ерга ишлов бериш, мевали дарахт кўчатлари экиш, иссиқхоналар қуриш, қорамол ва парранда боқишни ташкил этиш ишларига амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ўрганишларда минтақаларда томорқа ер эгалари кесимида ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ-иқлим шароити, сув таъминотини инобатга олган ҳолда, "бир маҳалла бир маҳсулот" тамойили асосида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида маҳсулот етиштириш ишлари олиб борилаётгани маълум бўлмоқда.

Шу билан бирга, қулай шароит яратиб берилишига қарамасдан, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан ер участкаларига қишлоқ хўжалиги экинлари экмаслик ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда.

Хусусан, ўтказилган ўрганишлар натижасида республика бўйича минглаб гектарларда томорқа ер эгалари томонидан томорқа ер участкаларига қишлоқ хўжалиги экинлари экилмагани аниқланган.

Бунинг асосий сабаби ўз вақтида томорқа участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун мувофиқ уруғликлар, минерал ўғитларни белгиланган тартибда етказиб беришдаги камчиликлар, қишлоқ хўжалиги экинлари, боғ ва токзорларни касалликлар, зараркунандалар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш учун талаб этиладиган кимёвий препаратлар билан таъминлаш ва агрокимё хизматлари қониқарсизлиги, вегетация даврида қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан таъминлаш, суғоришни ташкил этишда томорқа ер эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмаганлигида, деб ҳисоблаймиз.

Бизнингча, минтақаларда аҳолининг ўзини-ўзи бандлигини таъминлашни рағбатлантириш мақсадида шахсий томорқа эгаларига суғориш мосламалари (насослар, суғориш қудуқлари ва ариқларни) нормал ишлашини таъминлашимиз зарур бўлади.

Маълумки, ота-боболаримиз томонидан авваллари ҳар бир қишлоқда серёмғир баҳор кунларидаги сувларни жамғариб бориш учун мўлжалланган сув ҳавзалари бўлган. Улардан асосан томорқа хўжаликларини сув билан таъминлашда самарали фойдаланиб келинган. Аммо кейинги йилларда томорқа хўжаликларида қишлоқ ҳўжалик, боғдорчилик маҳсулотларини етиштириш ишлари умуман қониқарсиз аҳволга келиб қолган. Натижада, қишлоқларда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш орқали ўзини ўзи иш билан таъминлашдек муҳим вазифа ижроси таъминланмасдан қолмоқда.

Бу борадаги ишлар самарали йўлга қўйилса, бозорларимизда қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик, полиз маҳсулотлари нархи янада ҳамёнбоп бўлишиги замин яратилар эди. Афсуски, яхши ниятлар билан экилган томорқа ҳўжалиги экинлари вегетация даврида, ёзга келиб суғориладиган сув етишмаслиги натижасида қўриб қолиши ёхуд етарли маҳсулот бермаслиги одамларнинг томорқа ишларидан кўнгли совишига олиб келмоқда.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон сув хўжалиги тармоғининг энг муҳим муаммолари қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:

хўжалик-ичимлик сув таъминоти тизимининг қониқарсиз ҳолатдалиги;

гидротехник қурилмалар – сув хўжалиги асосий ишлаб чиқариш фондлари техник аҳволининг ёмонлашганлиги;

сувнинг исроф қилинаётганлиги;

сув ресурслари ва сув хўжалиги тизимларини бошқаришнинг етарли даражада самарали эмаслиги;

сув объектлари мониторингини ривожлантириш бўйича ишлар ҳажмининг сустлиги;

Ўзбекистон сув ресурсларига бой мамлакат ҳисобланмайди. Сув тақчиллиги шароитида қўшимча каналлар қазиш, қишлоқларда, аҳоли пунктларида томорқаларни суғориш тизимини яхшилаш мақсадида ариқларни қайтадан қазиш ҳисобига муаммони ҳал қилишга уриниб кўриш мумкин.

 Юқорида қайд этилган вазифаларни ечишда қуйидаги тамойилларга таянилмоғи лозим, деб ҳисоблаймиз:

ҳар бир қишлоқ ҳудудидаги томорқа ер эгалари хўжалик субъектлари (сувдан фойдаланувчилар) жойлашиш тизими, инфратузилма ва ҳ.к.лар тўғрисида ишончли маълумотлар бўлиши зарур;

сувдан фойдаланувчилар билан давлат, маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда ўз-ўзини бошқариш органлари ўртасида сув ресурсларини бошқариш вазифалари оқилона белгиланиши лозим.

 Тўғри, кейинги йилларда сув таъминоти оғир ҳудудлардаги томорқаларга сув етказиб бериш мақсадида суғориш қудуқларини қазиш ва уларни ишга тушириш учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан имтиёзли кредит ресурслари жалб этилмоқда. Жумладан, 2019-2020 йилларда республика бўйича 85 тумандаги 418 та МФЙ ҳудудида суғориш қудуқларини қазиш ишлари режалаштирилмоқда. Аммо бу ишлар етарли эмас, деб ҳисоблаймиз. Вужудга келаётган муаммоларни ечиш учун сувдан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни изчил амалга ошириш зарурати юзага келган.

← Рўйхатга қайтиш