Келажакка хиёнат қилмаяпмизми?

 

Инсон яралмишларнинг гултожи, улуғ зотдир. Инсонни улуғлайдиган асосий неъматлардан бири – унга забон берилганидир. Аллоҳ таоло инсонни тўла-тўкис, мўътадил ва энг чиройли суратда яратганлигини ўз каломи Қуръони каримда очиқ-ойдин баён қилган.

Бир тилда сўзлашувчи инсонлар жамоаси миллатни ташкил этади. Шунинг учун ҳам тил – миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси деб эътироф этилади. Ватанимиз мустақилликка эришгач, она тилимиз ўзининг ҳақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди

Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак бўлади.

Инсон бошқа маҳлуқотлардан фарқли ўлароқ, ўз фикрини бошқаларга етказиш имкониятига эга. Фикр оғзаки ва ёзма шаклда етказилиши мумкин. Нутқнинг бу икки шаклининг ўз афзалликлари ва заруриятлари борки, уларнинг иккисидан ҳам ўз ўрнида фойдалансак, ҳақиқий мулоқот ҳосил бўлади. Оғзаки нутқ товуш орқали ифода этилиб, ҳамсуҳбатга бевосита етказилади. Ёзма нутқ эса турли ашёларга кўриш асосида идрок қилинадиган доимий белгилар, ҳарфлар орқали битиб қўйилади. Ёзув кишиларнинг ўзаро фикр алмашиш ва билимларни эгаллашнинг қудратли воситаси ҳисобланади. Ёзма нутқ авлодларни бир-бирига боғлайди, узоқ даврлар мобайнида сақланади. Ёзув туфайли кишилар фикри, инсоният қўлга киритган билимлар авлоддан-авлодга етиб боради, узоқ муддат яшайди. Аллоҳ таоло Ўз Каломи шарифида: “У (Аллоҳ) қалам билан илм ўргатгандир“, - дея марҳамат қилган. 

Тил шунчалар муҳум, зарур ва азиз илоҳий неъмат экан унга бўлган муносабат ҳам шу даражада жиддий бўлиши зарур. Шу сабабли алифбони такомиллаштириш, уни ўзгартириш ўта масъулиятли ишдир. Аслида жиддий, асосли эътирозларим бўлса ҳам 1995 йилда қабул қилинган лотин алифбосини жорий қилиш ҳақидаги қарорни муҳокама қилмоқчи эмасман. Чунки бу тарих, бу қарорни қабул қилганларнинг ўша даврда бунинг учун объектив сабаблари бўлгандир. Лекин бир нарсани билишимиз лозимки, бадиий адабиётни лотин алифбосига ўгириш ва ундан баҳраманд бўлишнинг имкони топилар, аммо илмий адабиётлардан, техникавий ҳужжатлардан, архивлардан фойдаланиш учун биздан кейинги авлод биз ўз меросимиздан фойдалана олмаётган мушкул ҳолатимизга рўбарў келиши аниқ.

Қарор қабул қилинганига сезиларли муддат ўтганига қарамай нима учун халқимиз янги имлога ўта олмаяпти? Бир қанча маъмурий, инсон омили билан боғлиқ сабаблар билан бир қаторда объектив тўсиқлар ҳам мавжудки, лотин алифбоси турмушимизга ўрнашиб кета олмаяпти. Масалан, кирилл алифбосида ҳар бир товуш учун алоҳида ҳарф белгилангани, тутиқ ва бошқа қўшимча белгилар бўлмагани сабабли бундай матнни ўқиш ва ёзиш силлиқ бажарилади. Таклиф қилинган лотин алифбосида Ш, Ч, Я, Ю товушлари икки ҳарф билан белгиланган. Ғ, Ў товушларини белгилаш учун алоҳида белги берилган, лекин, ҳозирдаги айириш белгиси, янги алифбодаги тутуқ белгиси бирга келса матнни ўқишда қийинчилик туғилади. Ч ҳарфи билан ҳам муаммо мавжуд, уни Ch шаклида таклиф қилинмоқда. “С” белгиси янги имлода ўзи йўқ-ку, қаердан у “Ч” товуши ифодасида пайдо бўлди. Янги алифбода Ц товуши учун ҳарф белгиланмаган, бу товуш айрим ўринларда S харфи билан, бошқа жойда ts билан белгиланмоқда.

Баъзилар бизнинг тилимизда Ц товуши йўқ, у бизга ёт деб иддао қиладилар, тўғри, лекин, тил қотиб қолган, чегараланган  ўлик нарса эмас, йиллар давомида у бойиб бориши табиий ҳол. Расмий чиқишлар ва мақолаларда “конституция”, “инновация”, “коммуникация” сўзларини, “цех”, “циркуль”, “целлофан” каби кунда ишлатиладиган сўзларни қандай талаффуз қилиб, қандай ёзиш мумкин?..

Яқинда 3-синфда ўқийдиган набира қизимни олдида ҳижолатда қолдим, сабаби уй вазифасида бўғим кўчириш ҳақида машқ бор экан. Мен ўзим ўрганганим бўғим кўчириш қоидаси асосида “келдингиз” сўзини “кел-дин-гиз”, деб ажратиб бердим. Набирам бу нотўғри, деб туриб олди, мен уни койидим. Кейин билсам ёзувимизга “нг” киритилгани сабабли бу ҳарфлар ажралмас экан ва юқоридаги сўз “кел-динг-из” қилиб бўғимга ажратилиши зарур экан. Тўғриси, мен лол бўлиб қолдим. Аслида бу мақолани ёзилишига ҳам ана шу воқеа сабаб бўлди. Янги алифбода “Исҳоқ” сўзи “Ishoq” кўринишида, “Мўътабар” сўзи “Mo’’tabar” кўринишида  ёзилишга мажбур. Бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Бу ҳолат эса ёзувга муҳаббат уйғотмаса керак.

Юқорида келтирилган фикрлардан келиб чиқиб, баъзи таклифларни бермоқчи эдим:

  1. Янги имлони жорий қилишдан аввал ундаги камчиликлар тузатилиши керак, яъни бир товуш учун битта ҳарф танланиши шарт;
  2. “С” ҳарфини “Ц” товуши ифодаси учун таклиф қилиш мумкин;
  3. “Ў”, “Ғ” товушларини ифода қилиш учун тутуқ белгисига ўхшамаган белгидан, балки ёзма имлодаги харф устига чизиқчадан фойдаланиш мумкиндир;
  4. “нг” дан умуман воз кечиш керак, чунки “келинг”да у “нг” сифатида талаффуз қилинса, “менга”да мен-га қилиб ажратилади.

Бу  камчиликлар бартараф этилмас экан, янги имлони халқимиз қабул қилиши, фарзандларимизнинг саводхонлик даражаси муаммолигича қолаверади.

Имло ўзгариши ҳар доим ҳам икки авлод ўртасида кўринмас тўсиқ пайдо қиладики, у албатта жамиятнинг маънавий ҳаётига таъсир қилмай қолмайди. Тил, унинг ёзувдаги ифодаси бўлмиш имло нафақат, бугунги давр миллатдошларимизнинг, балки келажак авлоднинг ҳам мулкидир. Уни нотўғри талқин қилиш, ўйламай, қандайдир шахсий ёки ўткинчи иддаолар билан ўзгартириш келажакка хиёнат, деб баҳоланиши керак.

 

Мақсуда Ворисова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш