Пойтахтимизнинг Бектемир туманида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар кенгашлари ҳамкорлигида амалий семинар ўтказилди. Семинарда партиянинг Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент шаҳар партия кенгаши масъуллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Бектемир туман кенгаши фаоллари, ҳамкор ташкилот вакиллари ва бошқалар иштирок этди.
Семинарни Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Нигора Эшметова очиб берди. У бугунги сайловчилар кечагидан тубдан фарқ қилиши, уларнинг дунёқараши, сиёсий билими янада ошгани, шу боисдан ҳам жорий йилги сайловлар муросасиз курашлар асосида ўтиши кутилаётганини таъкидлади. Мазкур жараёнда эса пухта ишланган Сайловолди дастури ҳамда кучли номзодга эга бўлган партиягина кўп овоз тўплаб, ғалаба қозониши мумкинлигини билдирди. Ўзбекистон ХДП шуни инобатга олган ҳолда ўз Сайловолди дастурини ишлаб чиқаётганига алоҳида урғу берди.
Ўзбекистон ХДП Бектемир туман кенгаши раиси Нурмуҳаммад Қаршиев туманда изчиллик билан ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиб, аҳолини ўйлантираётган муаммолар ҳам йўқ эмаслигини билдирди. Мазкур ҳудуддан партиямиз томонидан номзоди кўрсатиладиган депутатлар буни ёддан чиқармаслиги, ҳар бир овоз учун курашиш лозимлигини уқтирди.
Шундан сўнг Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов сўз олиб, дастур лойиҳасининг асосий ғоялари ҳақида сўз юритди.
— Бугун ҳар бир сиёсий партия Сайловолди дастурини ишлаб чиқишда, SMART-мақсадларни илгари суриши лозим, — деди у. — SMART-мақсадлар деганда аниқ, ўлчанадиган, вақтга боғланган, эришиладиган ҳамда аҳоли эҳтиёжларига мувофиқлиги тушинилади. Бугунги кунда дунёдаги энг илғор сиёсий партиялар шу йўлдан боришмоқда. Шунингдек, Сайловолди дастурининг ҳар бир банди аҳоли учун тушунарли, содда тилда ёзилиши ҳам муҳим. Унда сайловчи ўз манфаатлари илгари сурилганини кўриб, ҳис этсагина, партиямизни қўллайди. Биз ҳам мана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратдик. Бугунги куннинг энг муҳим, ўткир муаммолари ечимини Сайловолди дастуримизга киритишга ҳаракат қиляпмиз. Мана бугун ҳам сизлар билан маслаҳатлашгани, фикрингизни ўрганиб, таклифларингизни эшитгани келдик.
Маърузадан сўнг иштирокчилар билан ўзаро фикр алмашилди. Партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаси бўйича таклифлар умумлаштирилиб, экспертлар гуруҳига тақдим этиладиган бўлди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова, партия Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов, Бектемир тумани ҳокими Шохруҳ Мамажонов иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоб берди. Мулоқот жараёнида аҳоли томонидан турли масалалар бўйича кўплаб мурожаатлар бўлди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди, қолганлари юзасидан депутатлик сўрови юбориладиган бўлди.
ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши
Ахборот хизмати.