Байроғимиз – ғуруримиз, фахримиздир!

 

Мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 29 йил тўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VIII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у дунё ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.

Тарихан ватан рамзлари улуғ ва муқаддас саналади. У кишиларни якдилликка, муштарак мақсад йўлида бирлашишга чорлаган. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Соҳибқирон Амир Темур ўз даврида буюк давлат барпо этди. Буюк давлат байроғи остида, буюк эл бирлашди, у бунёд этган улуғ салтанатни дунё тан олди.

Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Бугун миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Жаҳон халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиздан ҳаёжон билан ғурур ҳиссини сезамиз.

Байроғимиз республикамиз дунёда халқаро ҳамжамиятнинг тенглар ичра тенг аъзоси эканлигини англатади. У бизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ҳамда асло кам бўлмаслигимизни яққол намоён этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, байроғимизни эъзозлаш фуқароларда ўзининг қадр-қимматига, ўз мамлакатига ва шахсига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.

Азиз ҳамюртлар, партиямиз аъзолари, сизларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун билан табриклаймиз!

 

Фахриддин Элмуродов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Бош консультанти.

 
← Рўйхатга қайтиш