Озодлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли

 

Самарқанд шаҳри Кўксарой майдонидаги 60 метр баландликда ҳилпираётган байроқ 2018 йил ўрнатилган бўлиб, ҳар гал унинг олдидан ўтиб ишга келишда ўзимда миллий ифтиҳор ва ғурурни ҳис қиламан.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўз миллий Давлат рамзларини қабул қилди. 1991 йил 18 ноябрь мамлакатимиз миллий рамзларидан бири Давлат байроғи қабул қилинган кун сифатида тарихда муҳрланиб қолди.

Ватан ҳиссини юракдан туйган ҳар бир инсон борки, юрт байроғини муқаддас билиб, унинг ҳурмат ва шарафини чин қалбдан эъзозлайди. Ҳурликни улуғлаб ҳилпираётган байроқ остида бирлашган эл ва шу заминда яшаётган 130 дан ортиқ миллат вакилларини бирлаштириб келмоқда.

Бугун давлатимиз байроғининг қабул қилинганлигига 29 йил тўлди. Байроқ бу – эркинлик, озодлик, тинчлик ва барқарорлик тимсолидир. Бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир. Унинг ҳар бир ҳилпирашида халқимизнинг бугуни, куч-қудрати, келажакка бўлган комил ишончи жилоланади. Одамларимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишлари барқ уради.

Ушбу тарихий кун барчамизга муборак бўлсин! Баланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!

 

Ўктам Сулаймонов,

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят Кенгаши бўлими бошлиғи.

 

Европадаги энг баланд тоғ чўққиси Эльбурс (5642 м.)да мамлакатимиз байроғи ҳилпирамоқда. Суратда: ҳамюртимиз Саид Тўлаганов, 2017 йил 20 июль. (www.uzbekistonovozi.uz)

← Рўйхатга қайтиш