Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси, Марказий Кенгаши, партиянинг Қорақалпоғистон Республика кенгаши ҳамкорлигида ўтказилаётган Мўйноқ туманида “Мўйноққа ёрдам” хайрия акциясига старт берилди.
Акциянинг биринчи кунида манзилли тадбирлар ташкил этилди. Партия Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Жўқорғи Кенгес ва туман Кенгашлари депутатларидан иборат ишчи гуруҳ кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, ёлғиз кексалар хонадонларига борди, уларнинг муаммолари ўрганилди, ечими бўйича кўмак бериш назоратга олинди.
Шунингдек, ҳомийлар ёрдами билан ногиронлиги бўлган юртдошларимизга махсус аравачалар, муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, рўзғор буюмлари, болаларга эса 500 дан ортиқ китоблар совға қилинди.
Депутатлардан иборат иккинчи гуруҳ аъзолари тумандаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг ҳолати, моддий-техник таъминотини ўрганди. Аниқланган муаммолар маҳаллий Кенгашларнинг танқидий муҳокамасига олиб чиқилиши белгиланди.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати