Пандемия шароитида қийналиб қолган оилаларга кўмаклашиш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида Халқ демократик партияси вакиллари ва депутатлар Мўйноқ туманида хонадонма-хонадон юриб, оилаларнинг турмуш шароитини ўрганишмоқда.
Партия вакиллари ва депутатлари Мўйноқ туманининг Дўстлик, Бўзатов, Орол, Талли ўзак маҳаллаларида бўлиб, кам таъминланган оилаларда бўлиб, муҳтожларга ногиронлик аравачалари, қўлтиқтаёт ва хасса, рўзғор буюмлари ва китоблар тўпламлари тарқатишди.
Дўстлик маҳалласи Носиров кўчасида яшовчи Манзура Бердишева узоқ йиллардан бери бетоб, ногиронлиги сабабли йиллар давомида тўшакка михланиб қолган. Партия вакиллари Манзура аяга ногиронлик аравачаси топширишди.
Орол маҳалласида истиқомат қилувчи Бахитгул Коблашова карантин даврида вақтинча ишсиз қолиб, оилавий шароити оғирлашган ва камбағал оилалар рўйхатига киритилган. Халқ демократик партияси вакиллари ва депутатлар Бахитгул опага минипеч совға қилишди. Иш билан таъминлашга ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
“Мўйноққа ёрдам” акцияси давом этмоқда…
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати.