Келажагимиз учун овоз берамиз!

Ўзбекистон ХДП Яшнобод туман кенгаши Темир йўллари касб-ҳунар коллежида «Хотин-қизларнинг сайловлардаги иштироки» мавзусида семинар ўтказди.

– Сайловчиларининг 50 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади, – дейди Яшнобод тумани ҳокими ўринбосари, туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси  Феруза Раҳматуллаева. — Шу боисдан уларнинг сайлов жараёнида фаол иштироки ва овоз бериши Ватан келажагини, истиқболдаги ривожланиш йўлини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда уларнинг сайловчи сифатидаги ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида қизғин иш олиб борилмоқда.

Биз аёлларнинг сайловда иштирокини, партияларга бўлган муносабатини доимий ўрганиб борамиз. Уларнинг сиёсий ҳуқуқлари таъминланиши ҳолатини таҳлил қиламиз. Аёлларнинг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган «Хотин-қизлар ва сиёсат», «Хотин-қизлар фаоллигини оширишда сиёсий партияларнинг роли», «Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва уларда етакчилик қобилиятларини шакллантиришнинг долзарб вазифалари» каби мавзуларда семинар-тренинглар ташкил этиляпти. Тадбирлар натижасида опа-сингилларимиз ўз ҳуқуқлари билан янада чуқурроқ танишиш билан бир қаторда сайловларда овоз беришнинг аҳамиятини теран англаб етишмоқда.

– Туманимиздаги 3050 нафар партиямиз аъзоларининг 1838 нафари, яъни 60,3 фоизи хотин-қизлардир, – дейди Ўзбекистон ХДП Яшнобод туман кенгаши раиси Озода Бузурукходжаева. — Сафимиз янада кенгайиши учун фаол иш олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Негаки бу бизга опа-сингилларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини илгари суришга ёрдам беради. Ҳудуддаги опа-сингилларимиз билан учрашар эканмиз, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, сайлов қонунчилиги борасидаги билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Бу саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, аёлларнинг давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, Ватанимиз келажагига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Тошкент «Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш