ХДП фракцияси муҳтож болаларга уй-жой учун ажратиладиган маблағлар сарфланишини назоратга олади

 

Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш масаласи ниҳоятда долзарб вазифа. Халқ демократик партияси фракцияси депутатлари ва фаоллари бу масалани республика миқёсида чуқур ўрганиб, бир неча марта кўтариб чиққан эди. Муаммонинг асосий сабаби молиявий жиҳатга боғлиқ экани таъкидланганди.

Куни-кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида атрофлича кўриб чиқилган 2021 йилга мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳасида бу масала алоҳида эътиборга олингани, Меҳрибонлик уйларининг уй-жойга муҳтож битирувчилари учун 30 миллиард сўм ажратилиши белгиланаётгани ҳар томонлама тўғри иш бўлди.

Чунки жойларда бу борадаги ҳолат яхши эмас. 2011—2019 йилларда Меҳрибонлик уйларининг жами 2300 нафардан кўпроқ битирувчисидан 1000 нафардан кўпроғи турар жойга муҳтож деб топилган бўлса, уларнинг ярмидан кўпи ҳалигача уй берилишини интизорлик билан кутаётган эди. Давлат бюджетидан маблағ ажратилиши режалаштирилганини эшитиб, улар ҳаммамиздан кўпроқ қувониши аниқ.

Халқ демократик партияси ҳукуматнинг бу қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Келгуси йилларда бундай маблағлар миқдорини ошириш чораларини кўриш керак, деб ҳисоблайди.

Маблағ ажратилади, бу қувонарли, лекин унинг сарфланиш механизми қандай бўлади? Адолат ва шаффофлик таъминланадими? Бу саволларга жавоб топишимиз зарур. Фракциямиз аъзолари мазкур йўналишдаги ишлар қандай ташкил этилишини назорат қилишга келишиб олдик.

 

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

www.parliament.gov.uz

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш