Ўзбекистон — Россия: Ҳамкорлик тўғрисидаги битим муносабатларни кенгайтиради

Феруза ЭШМАТОВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари:

— Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, фаол ташқи сиёсат юритиш мамлакатимиз тараққиётини белгиловчи муҳим омил саналади. Кейинги йилларда бу амалиёт ўзининг аҳамиятини намоён қилиб, халқимиз фаровонлиги, тинч ва осуда ҳаётини таъминлашга ҳамда юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида очиқлик, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат соҳасидаги фаолият самарадорлигини янада ошириш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлаган эди.

Бу жараёнда парламентнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Шу боис “Фаол инвестиция­лар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида мамлакатимиз ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал қилишда парламент дипломатияси ролини кучайтириш юзасидан амалий чора-тадбирлар олиб борилаётгани эътиборга молик.

Ҳозирги вақтда етакчи хорижий давлатлар, аввало, МДҲ давлатлари билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича муайян ишлар қилинмоқда. Натижалар ҳам шунга яраша бўляпти, албатта. Зотан, парламентлараро алоқалар томонларнинг ўзаро позицияларини яқинлаштиришга, давлатлараро алоқаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишига замин яратади.

Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат думаси раиси Вячеслав ­Володин бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга расмий ташрифи ва унинг натижасида қабул қилинган икки томонлама шартнома мамлакатларимиз пар­ламентлари ўртасидаги ҳамкорликни навбатдаги ­муҳим босқичга олиб ­чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бинобарин, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат думаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги битимга асосан, парламентларимиз ўз қўмиталари ва комиссиялари, депутатлик гуруҳлари, девонлари ўртасида доимий алоқалар ўрнатилишига кўмаклашади, парламент фаолиятини ўрганиш мақсадида делегациялар билан тажриба алмашади. Бу, ўз навбатида, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиётини такомиллаштиришга хизмат қилади. Бунда қонун лойиҳаси фаолияти таъминотини яхшилаш, ахборот-таҳлилий имкониятларни кенгайтириш ва кўпайтириш мақсадида тегишли ахборот технология­лари билан алмашиш борасида, жумладан, ахборот узатиш телекоммуникация тизимлари базаси асосида ҳамкорлик олиб боради. Бу нафақат парламентларимиз депутатлари, балки девонларининг мутахассислари ўртасида ҳам амалга оширилади.

Муносабатлар фақатгина қонун ижодкорлиги соҳаси билан чегараланмай, бошқа муҳим, яъни ўзаро манфаат касб этувчи халқаро масалалар юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказиш, халқаро ташкилотлар ва конференциялар доирасидаги йўналишларда олиб борилади.

Яқин орада ишлаб чиқиладиган аниқ чора-тадбирлар, режалар ўз натижа­сини намоён этиши, шубҳасиз.

 

“Халқ сўзи” газетаси

2019 йил 18 сентябрь сони.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш