«Истеъмол саватчаси» масаласи қачон охирига етади?

 

Тўғрисини айтганда, «истеъмол саватчаси» ҳақида анчадан бери гапириб келинса-да, кейинги уч-тўрт йил ичида бу масала кўп марта кўтарилди. Сабаби, давлатимиз раҳбари томонидан тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни белгилаш мезонларини тезда ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси қўйилгач, тегишли вазирликлар ва республика даражасидаги идоралар раҳбарлари бу ишни амалга ошириш имкониятлари ҳақида маълумотлар беришди.

Парламент ва ҳукумат йиғилишларида муҳокама қилинди. Лекин ҳали натижа кўзга ташлангани йўқ.

«Истеъмол саватчаси» қачон ҳаётимиздан жой олади? У нималардан иборат ва бизнинг турмушимизда қандай аҳамият касб этади? Ўзи бу юмуш яқин орада амалга ошадими?

 

Қонун лойиҳаси тайёрланди

– Фракциямиз аъзолари томонидан илғор давлатлар тажрибалари ўрганилган ҳолда, «Истеъмол саватчаси» ҳақидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига берилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев. — Ҳозирда вазирлик билан биргаликда лойиҳани кўриб чиқяпмиз. Чунки бу ҳужжат маблағ билан боғлиқ бўлиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилиши керак. Албатта, лойиҳа муҳокама учун ҳам қўйилиб, халқимизнинг фикр ва таклифлари олинади. Айни пайтда бу масала амалий жиҳатдан ҳам ўрганиляпти. Шу кунгача «Истеъмол саватчаси» бўйича иккита вилоятда эксперимент ўтказилди. Ҳозир бунга оид маълумотлар асосида ҳисоб-китоблар олиб борилмоқда.

Умуман олганда, халқаро тажрибага мос равишда «истеъмол саватчаси» меъёрларини аҳолининг 3 та асосий ижтимоий-демографик гуруҳи, яъни меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенсионерлар ва болалар учун алоҳида ишлаб чиқишга аҳамият қаратиляпти. Одатда «истеъмол саватчаси» 3 қисмдан, яъни озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар (кийим-кечак, пойабзал, доридармонлар) ва коммунал, транспорт, маданий-маърифий хизматлардан иборат бўлади. Мамлакатимизда бу борада минимал меъёрларни белгилашда ҳар бир ҳудуддаги турмуш маданиятининг ўзига хос жиҳатлари бўйича ёндашув кўзда тутилмоқда. Шу маънода жамоатчиликнинг таклифлари бу борада муҳим аҳамиятга эга.

 

Жамоатчиликдан таклифлар йиғиляпти

— «Истеъмол саватчаси» — инсоннинг нормал ҳаёт кечириши учун зарур бўлган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматларнинг энг кам миқдорини ўз ичига олувчи категориядир, — дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси масъул ходими Манижа Баҳриева. — Соддароқ айтганда, «истеъмол саватчаси»га киритилган товар ва хизматлар яшаш учун зарур бўлган энг муҳим эҳтиёжларингизни қондиришга етиши керак. Аксарият тараққий этган мамлакатларда аҳолига бериладиган ижтимоий нафақалар айнан «истеъмол саватчаси»га, унда қайд этилган кўрсаткичларга кўра белгиланади.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан кенг жамоатчилик фикрига таяниб, республикамизнинг миллий «истеъмол саватчаси» лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур ташаббус жамоатчилик ташкилоти сифатида Федерациянинг республикамизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга ўзининг муносабати сифатида гавдаланади.

 

Иқлим шароити, аҳоли эҳтиёжи, маҳаллий анъана ва одатлар ҳисобга олинади

Нима учун бу масалада бош қотириш зарур, хориждан тайёр бир стандартни олиб қабул қилсак бўлмайдими? Айтиш жоизки, айни бир давлат томонидан ишлаб чиқилган «истеъмол саватчаси» бошқа бир мамлакат учун тўлиқ андоза бўла олмайди. Уни ишлаб чиқишда мамлакатнинг иқлим шароити, аҳоли эҳтиёжи, шунингдек, маҳаллий аҳолининг анъана ва одатлари ҳам алоҳида роль ўйнайди.

Бугунги кунда «истеъмол саватчаси»нинг ягона мақбул варианти мавжуд эмас. Мисол учун, АҚШдаги истеъмол саватига 300 та, Буюк Британияда 350, Германияда 470 маҳсулот ва хизмат киритилган.

Бу маҳсулотларнинг озиқ-овқат турига кирадиганларининг асосийлари нон ва ун маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, ёғ, гўшт, тухум, полиз маҳсулотлари, мевачевалар ва бошқаларни ташкил этади. Ноозиқ-овқат маҳсулотларига кўйлак, костюм, пойабзал, бош кийим, пайпоқ, ички кийим турлари, санитария ва гигиена маҳсулотлари, мактаб ва таълим олиш учун зарур товарлар киритилади. Совуқ мамлакат учун қишда иссиқлик таъминоти истеъмол саватидаги энг муҳим хизмат ҳисобланса, Африканинг айрим мамлакатлари учун бу хизматнинг умуман кераги йўқ.

 

Аҳоли турмуш даражаси яхшиланмай туриб, ривожланиш рўй бермайди

«Истеъмол саватчаси» кам таъминланган оилалар, ёлғиз аёллар, кексалар ижтимоий ҳимояси учун зарур. Айни дамда ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламни аниқлаб олиш ва унинг мезонларини ҳам қайта кўриб чиқиш керак. Масалан, фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаётган аёлнинг хонадонида телевизори, музлатгичи бўлса, «сизнинг яшашингиз яхши экан», деб унга ижтимоий кўмак берилмайдиган ҳоллар бўлади. Қолаверса, ҳозир нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,7 фоизидан ортиқ бўлмаган тақдирда берилади. Аслида қишлоқларда кўплаб эҳтиёжларидан воз кечган ҳолда бундан ҳам кам маблағ билан рўзғорни эплаштираётган оилалар кўп.

Бу аҳвол қачонгача давом этади? Шундай экан, ушбу миқдор бозорлар нарх-навосини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши зарур. Эътибор қаратиш зарур бўлган яна бир жиҳат, аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини халқаро нормаларга мувофиқ ишлаб чиқиладиган «истеъмол саватчаси» ва «яшаш минимуми»га мақбуллаштириш муҳим аҳамиятга эга. «Истеъмол саватчаси»ни жорий этиш яхшигина сарф-харажатни талаб этиши мумкин. Лекин шуни деб мазкур масалани ортга суриш керак эмас. Унутмаслик лозимки, аҳоли турмуш даражаси яхшилансагина, барча соҳаларда ривожланиш рўй беради.

 

Тўлқин ШЕРНАЕВ,

«Mahalla» газетаси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш