Мунис опа-сингилларимиз, азиз қизларимиз ҳуқуқларини биргаликда ҳимоя қилайлик!

 

1960 йил 25 ноябрда Доминикан Республикаси раҳбари буйруғи билан уч опа-cингил Мирабаллар республиканинг Инқилобий ҳаракат курашида иштирок этгани учун уриб, қатл қилинган. Орадан бир йил ўтмай, зўравон раҳбар қўлга олиниб, отиб ташланган ва унинг тузуми қулаган.

Патрия, Минерва ва Мария-Тереса бугунги кунда мамлакат қаҳрамонлари ҳисобланишади. 25 ноябрь Хотин-қизларга қарши зўравонликларга барҳам бериш Халқаро куни уч опа-сингил ўлдирилган кунни ёд этиш шарафига белгиланган.

Бугунги кунда ҳам дунё бўйлаб аёлларга турли тазйиқлар, оилавий зўравонликлар, жинсий ва бошқа таҳқирлашлар ўтказиб келинаётгани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Маълумотларга кўра, дунёдаги хотин-қизларнинг учдан бир қисми ўз умри давомида лоақал бир марта зўравонликка дуч келар экан. Бундай тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш, бу борадаги ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиш, бу глобал муаммонинг кўламини чуқурроқ англаш бутун инсоният учун долзарб масаласидир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассемблеяси томонидан 1999 йил 17-декабрда қабул қилинган резолюцияга биноан бир неча давлатларда 25 ноябрдан бошлаб “16 кун зўравонликсиз!” деб номланган акция ўтказилмоқда. Бундан мақсад бутун дунёда хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, уларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши олдини олиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашдан иборат.

Авваллари юртимизда ушбу масалага унчалик эътибор қаратилмас эди. Чунки оилавий келишмовчиликлар, аёлларга нисбатан зўравонлик – нозик мавзулар ҳисобланиб, ҳамма ҳам уйда нима содир бўлаётганини баён қила олмасди.

Ҳозир зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши доимий равишда кураш олиб борилмоқда. Айниқса, одам савдосидан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш учун зарур ҳуқуқий, ташкилий ишлар мунтазам ташкил этилмоқда. 2019 йил сентябрь ойидан Ўзбекистонда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун кучга кирди, бугунги кунда 197 та туманда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу марказларнинг мақсади тазйиқ ва зўравонликка учраган, одам савдосидан жабрланганларга ижтимоий психологик кўмак бериш ва уларни ҳаётга қайтаришдан иборат.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бир йилдан буён давом этаётган Covid-19 пандемияси даврида аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг барча турлари, хусусан, оиладаги зўравонликлар кескин кучайган.

«Баъзи мамлакатларда ишонч телефонларига бу масала бўйича қўнғироқлар сони беш баробаргача ошди, — деб хабар беради БМТ расмий сайти. – Бу пандемия соясида кескин ўсаётган инқироздир ва буни тўхтатиш учун глобал жамоавий ҳаракатга ҳар қачонгидан ҳам муҳтожмиз».

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Гендер тенгликни таъминлаш қўмитаси раиси Т.Норбоева “аёллар ҳуқуқлари ҳақида гапирар эканмиз, бу шунчаки сўзлар эмас, бу – оналар, азиз қизларимиз, севимли опа-сингилларимизнинг ҳуқуқлари. Ҳар ким зўравонликнинг ҳар қандай турига тоқат қилмаслиги шарт. Фақатгина кучларни бирлаштириш орқали биз аёллар учун хавфсиз жамиятга эришишимиз мумкин”, дея халққа мурожаат қилди.

Юқоридагилардан хулоса чиқарган ҳолда, ҳар биримиз аёлларни эъзозлашни, уларнинг ҳуқуқларни ҳурмат қилишни ўрганишимиз лозим.

Ҳурматли юртдошлар! Бунга бефарқ бўлманг. Мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз, жондан азиз қизларимиз ҳуқуқларини биргаликда ҳимоя қилайлик.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш