«Ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» тизими: рўйхатни шакллантиришда ҳақиқий аҳволни жойига чиқиб ўрганиш керак

 

Президентимиз томонидан берилган топшириқларга асосан мамлакатимизда жорий этилган «Темир дафтар»лар сингари, мутлақо янги тизим, тартиб ва ёндашувлар асосида иқтисодий фаолликни ошириш мақсадида кам таъминланган, боқувчисидан айрилган ишсиз хотин-қизларнинг рўйхатлари асосида Бухоро вилоятида «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» шакллантирилди.

Улар ўртасида сўровномалар ўтказилиб, оилавий шароити, ижтимоий аҳволи, имконияти, маълумоти ва қизиқишлари аниқланди. «Ёшлар дафтари»га 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ишсиз ёшлар киритилиб, уларнинг муаммолари қайд этилаётган бўлса, «Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган, ишсиз, фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаётган, боқувчисисиз аёллар киритилиб, уларни қийнаётган муаммолар ўрганилмоқда. Ана шу масалаларга ечим топиш баробарида ҳаётда қоқилган, қийналган ёшлар ва аёллар учун нормал турмуш тарзи яратиб берилади.

Вилоятда аҳоли сони 1932539 нафарни ташкил этган бўлиб шундан 964367 нафари аёллардир. Вилоятда «Аёллар дафтари»га киритилган 4770 нафар хотин-қизларнинг 2733 нафари камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллардир.

Хотин-қизларнинг қизиқишлари ва имкониятларига қараб «Аёллар дафтари»га киритилган 4770 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича манзилли режа, дастури ишлаб чиқилди.

Ёшлар ва аёллар дафтари олдимизда ечимини кутиб турган муаммолар ечимига йўл очади, албатта. Аммо ҳар иккала расмий ҳужжатни шакллантиришда бир жиҳатни унутмаслик лозим, айрим фукаролар ҳаётида муҳим роль ўйнайдиган дафтарни тузиш ва юритишда маҳаллада аввалдан маълум бўлган маълумотларга асосланиши биз кутган натижани бермайди.

Чунки, одамлар турмуш тарзини ҳаққоний ўрганиш, хонадонма-хонадон юриш билан реал вазият ўрганилиши шарт. Мазкур саъй-ҳаракатларимизнинг энг муҳим тамойили шундаки, бу жараён маълум бир ҳудуддаги барча тоифадаги аёлларни қамраб олиш ҳамда муаммоларни манзилли аниқлаш механизмига асосланганидир. Яъни бир маҳаллада нечта аёл бор бўлса — хоҳ у ишсиз, хоҳ ўз ишига эга бўлсин, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёки аксинча бўлсин, уларнинг барчасинин муаммолари ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.

 

Зулфия Туйева,

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси.

← Рўйхатга қайтиш