Дабдабабозлик эмас, ёшлар бахти муҳим

Нўъмон АКБАРОВ, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палаатсидаги фракцияси аъзоси:

— Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма қарори қабул қилиниб “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш “тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилиши белгилаб қўйилди. Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиққан холда, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланади. Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши иштирок этиши мумкин.

Тўйлар, оилавий тантаналар ва маъракаларни ўтказиш маросимлари ҳар бир халқнинг ўзига хос удуми ҳисобланади. Удум ва урф одатларнинг бўлгани яхши албатта, аммо меъёр ва мезонга амал қилиш одатнинг чиройи эканлигини унутмаслик керак.

Афсуски, узоқ йиллардан буён тўйларимиздаги ортиқча дабдабабозлик ва исрофгарчиликнинг олдини олиш энг оғриқли муаммоларимиздан бири бўлиб турибди. Бунинг бевосита инсон онги ва феъл авори билан боғлиқлигини инобатга олсак масаланинг нечоғлик аҳамиятли эканлигини англаш мумкин.

Аслини олганда ортиқча исрофгарчилик ва кимўзарликни тартибга солиш жамиятда ўзини ҳурмат қилган ҳар бир фуқаронинг бурчи эмасми?

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш