ЎзХДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳаларига танқидий фикр ҳамда таклифлар билдирди

 

Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар бир қатор қонун лойҳаларини муҳокама қилди.

Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасига биринчи ўқишдан кейин киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар қўллаб-қувватланди. Фракция аъзоси Сафар Остонов қонун лойиҳасига таҳририй ўзгартиш киритишни таклиф қилди. Лойиҳада гумонланувчи сифатида эътироф этилган, деган мазмунда назарда тутилган жумлага эътироз билдирилди. Депутат “эътироф этилиш” ўзбек тилида ижобий мазмунда қўлланилишини, гумонланиш билан боғлиқ вазиятга бу талқин тўғри келмаслигини таъкидлаб, уни ўзгартиришни сўради. Масъул қўмита бу таклиф албатта кўриб чиқилишини маълум қилди.

Фракция йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқиш муҳокамадан ўтказилди.

Ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўрилганда Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари мамлакатда ижтимоий барқарорликни таъминлаш учун катта маблағлар йўналтирилаётган пайтда бюджет интизомини қатъийлаштириш, очиқликни таъминлаш тартибига амал қилиш бўйича жавобгарликни кучайтириш зарурлигини таъкидлашган эди.

Депутатлар Давлат бюджети ижроси бўйича ҳисоботларни расмий веб-сайтларига жойлаштирмаслик ҳолатлари билан умуман муроса қилиб бўлмаслигини қайд этишган, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорини оширишни, хусусан, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима белгилашни таклиф қилишган эди.

Аммо бугунги муҳокамалар пайтида қонунчиликка илк марта киритилаётган меъёрни қатъийлаштириш, жарима миқдорини ошириш амалиётда қийинчиликларни юзага келтириши мумкинлиги таъкидланиб, ҳозирча жарима миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача, яъни дастлабки ҳолатда қолдиришга розилик сўралди.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ушбу жаримани қўллаш билан боғлиқ механизмни такомиллаштириш заруратини ҳисобга олиб, жарима миқдори дастлаб кўзда тутилган ҳолатда қолишини маъқуллади.

Фракция аъзоси Улуғбек Вафоев Бюджет кодексининг 141-моддасига иккинчи ўқишда киритилаётган ўзгартириш бўйича эътироз билдирди. Гап шундаки, биринчи ўқишда ушбу моддада айланма касса маблағларининг миқдорлари туманлар ва шаҳарлар бюджетлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисидаги қарорлари билан белгиланиши кўзда тутилган эди. Лекин иккинчи ўқишга тайёрланиш жараёнида айланма касса маблағларининг миқдорлари туманлар ва шаҳарлар бюджетлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан белгиланиши шаклида меъёр бутунлай ўзгариб кетган. Депутат бу ваколат маҳаллий вакиллик ҳокимиятида қолдирилиши ҳар томонлама тўғри бўлишини, меъёр ўзгаришига қарши эканини маълум қилди.

Мунозара ва савол-жавоблардан сўнг, таклифларни инобатга олиш шарти билан, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда маъқулланди.

Фракция йиғилишида бошқа қонун лойиҳалари ҳам партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, танқидий кўриб чиқилди. Депутатларнинг фикр-мулоҳазаларидан кейин тегишли қарорлар қабул қилинди.


Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш