Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ижтимоий ҳимоя бўйича халқаро стандартлар жорий этилмоқда

 

Ижтимоий ҳимоя ҳар қандай давлатчиликнинг асос тушунчаларидан бири ҳисобланади. Бу борада мамлакатда тизим яратилиши, у муваффақиятли ишлаши аввало қонунчилик қай даражада мустаҳкам бўлишига боғлиқ.

Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолияти алоҳида аҳамиятга эга, деб ўйлаймиз. Бу борадаги ишларни тўрт йўналишда кўрсатиш мумкин.

Биринчиси – қонун ижодкорлиги. Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қонунлар яратиш устида иш олиб борилади. 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи – Ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши доирасида 9 та, шунингдек ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш соҳасида 30 дан ортиқ қонун қабул қилинди.

Мазкур қабул қилинган қонунлар билан аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, таълим ва фан соҳасини ривожлантириш ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш масалалари бўйича қонунчиликдаги аксарият камчиликлар бартараф этилди ҳамда фуқароларга қулайликлар яратилди.

Шунингдек, айни пайтда иккита, яъни “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилмоқда.

Иккинчиси – назорат-таҳлил фаолияти. Ушбу соҳада парламент назорати ўрнатилган бўлиб, учта йўналишда амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2019 ва 2020 йилларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахбороти бўйича 117 марта эшитув ўтказилди, 39 марта қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижро ҳолати ўрганилган, Қонунчилик палатаси ва қўмиталари қарорларининг ижроси бўйича 21 та мониторинг ишлари олиб борилган.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Қонунчилик палатаси коронавирус пандемияси натижасида мамлакатимизда эълон қилинган карантин даврида бир кун ҳам ўз фаолиятини тўхтатган эмас. Аксинча, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати қуйи палата депутатлари томонидан жойларга чиққан ҳолда тизимли равишда ўрганилди. Ўрганиш натижасида юзага келган муаммоларни қонунчилик ва ижро ҳокимияти тизими орқали бартараф этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Учинчиси – таклифлар олиш, фикр-мулоҳазаларни ўрганиш. Миллий ва халқаро даражада кўплаб анжуман, давра суҳбати, конференциялар ўтказиб келинмоқда. БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича биргина жорий йилнинг ўтган даврида Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан 28 та тадбир ташкил этилди. Хусусан, 22 июнь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг ижроси ҳақида»ги ҳамда 13 октябрда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарининг «Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилишини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.

Шу билан бирга, жорий йилда ижтимоий соҳада 10 дан ортиқ харқаро тадбир ташкил этилди. Жумладан, ўтган ноябр ойининг 12 санасида ўтказилган “Ўзбексистонда ёшлар меҳнат миграциясини тартибга солиш истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияни келтириш мумкин.

Тўртинчиси – халқаро ва хорижий тажриба йўналиши. Қабул қилинадиган қонун лойиҳалари халқаро ҳамкорлик бўйича икки йўналишда яъни, халқаро ва хорижий тажриба асосида янада бойитилади. Халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган ҳужжатларни ратификация қилиш, қонунларга имплиментациясини амалга ошириш муҳим масалалардан ҳисобланади.

Сўзимнинг исботи учун аниқроқ айтадиган бўлсам, жорий йилнинг 15 октябрида қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунда БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг меъёрлари ўз аксини топди, АҚШ, Европа давлатлари, Россия, Беларусия ва бошқа кўплаб давлатлар қонунчилиги тажрибаси ўрганилди.

2020 йилнинг 20 октябрь куни қабул қилинган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунни қабул қилишда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган “Халқаро меҳнат ташкилотининг бандлик соҳасидаги сиёсат тўғрисида”ги 122-сон конвенция қоидаларига, Ишчи жойлари ҳақидаги Глобал Пактга, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тўғрисидаги 2013 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг 102-сессиясида қабул қилинган янги демографик контекстига, шунингдек, 1999 йилда МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро ассамблеяси томонидан қабул қилинган Меҳнат тўғрисидаги намунавий қонунига таянилди.

Юқорида келтирилганларга асосланиб айтиш керакки, Ўзбекистон парламенти, хусусан, Қонунчилик палатаси Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш бўйича изчил ва тизимли равишда фаолият олиб бормоқда. Асосий мақсадларимиздан бири ушбу соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ҳисобланади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш