Конституция – бу эрк демакдир

 

Конституция – бу эрк, бу миллатнинг орзуси, бу ғурур демакдир. Ундаги ҳар бир модда теран ўйланган, чуқур мулоҳаза қилинган ва инсон қадр-қимматини улуғлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бугунги кунда юртимизда 130дан ортиқ миллат ва элатларнинг ўз тили, дини ҳамда урф-одатларини сақлаб қолганлигини ёки бир миллат иккинчи миллатдан қиз олиб, қиз бераётганлиги яъни, қуда-андачилик ришталарини боғлаётганлиги юртимизда миллатлараро бағрикенгликнинг ёрқин мисоли бўла олади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда 7 тилда таълим олиб борилмоқда, 138 та миллий-маданий марказлар фаолияти йўлга қўйилган.

Биргина Навоий вилояти мисолида оладиган бўлсак, барча миллий маданий марказлар сингари қозоқ ва қорақалпоқ миллий марказлари фаолияти учун барча имкониятлар яратилган. Миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш бўйича ҳар йили анъанага айланган “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остидаги фестивалларнинг ўтказилиб келиниши ҳам барча миллат вакилларини бирдек хурсанд қилади. Шу билан бир қаторда мен яшаб келаётган Конимех туманида ҳам 28 та қозоқ мактаби, 3 та қорақалпоқ мактаби, 2 та рус мактаби фаолият юритмоқда. Бу ўз навбатида ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолига кенг имконият яратиб беради. Барча ёшларга ўз тилларида бадиий адабиётлар ва ўқув дарсликларнинг жорий этилганлиги юрт эртаси бўлмиш ёшларнинг комил инсон бўлиб етишишига замин яратади.

Мен 24 ёшдаман. Мустақил юртнинг мустақил фарзандиман. Қозоқ миллати вакиласи бўлишимга қарамай, жуда катта ютуқларга эришдим. Хусусан Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлдим. Жуда кўп дўстларим ўзбек ўғил-қизлари. Бунинг барчаси аввало ўзбек миллатининг азалий қадрияти бўлса, иккинчи ўринда бош Қомусимизнинг бениҳоя мукаммал, ҳар томонлама ўйланиб ёзилиши деб биламан. Ўзбекистонда шакллантирилаётган демократик жамият ва ҳуқуқий давлат ҳам айнан шундай принципга таянадики, диёримизда истиқомат қилувчи юздан зиёд миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат муҳити мана чорак асрдан ошиқ вақт сақланиб келмоқда. Бугунги кунда ҳар бир йигит-қизнинг миллати, тили, динидан қатъи назар жамиятда ўз сўзи, ўз овозига эга. Юрт равнақида ҳам ташкилотчи, ҳам ижрочи, ҳам назоратчи ўзимиздир.

Конституция – мустақиллигимиз тузуги, кишининг барча эҳтиёжларига унда жавоб бор. Бугун биз нимагаки эришган бўлсак, мана шу конституциямиз туфайли эришдик. Конституция инсонни инсон сифатида яшашини, саёҳат қилишини, эркин фикрлашини таъминловчи оламшумул ҳужжат ҳамдир. У киши руҳиятини, соғлигини ўзида акс эттирган.

Конституция – мустақиллигимизнинг энг катта ютуғи ҳамдир. У шунчалар мукаммал асарки, кишининг барча эҳтиёжларига унда жавоб бор. Унда нафақат, инсонни балки оддий дарахт, табиат, муборак қадамжоларни асраш, муҳофаза қилиш тушунчалари ҳам ётади” дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муҳаммад Али.

Бош қомусимиз қабул қилинганлигига 28 йил тўлди. Ушбу даврни бир ёшга тенглаштирсак, у ҳозир ўзини англаган, тетик шахс, жамиятнинг буғини бўлмиш бир оиланинг бошчиси ва етук кадр салоҳиятига етган ҳисобланади. Юртбошимиз айтганларидек “Бош қомусимизнинг ҳар бир моддаси биз учун дастуриламалга, ҳаётимиз қоидасига айланиши зарур.” Биз ёшлар ушбу ислоҳотларга жавобан Президентимиз бошлаб берган улуғ бир карвоннинг, муносиб давомчилари бўлмоғимиз шарт.

 

Гулбону Куватова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси.

 

Теглар

yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш