Конституция олдида барчамиз бурчлимиз

 

Бу йил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига йигирма саккиз йил тўлади. Халқимиз ушбу байрамни муносиб қаршиламоқда.

Ушбу қутлуғ сана муносабати билан давлатимиз раҳбари халқимизга йўллаган байрам табригида келтирилган фикр ва маълумотлар кишини чуқур мушоҳада юритишга даъват этади.

Биз Конституция ҳақида гапирганда доимо уни “асосий қонун”, “бош ҳуқуқий ҳужжат” сифатида эътироф этамиз. Ҳар биримиз Конституциямизнинг мустақил Ўзбекистон давлатчилиги тикланиши ва ривожланишидаги беқиёс ўрни, аҳамиятини юксак қадрлаймиз.

Конституция мазмун-моҳияти ҳақида гапирганда, бу ҳужжатга қисқа ва лўнда қилиб, инсонни эъзозлаган Қомус, деб таъриф берилса, айни ҳақиқат бўлади, деб ўйлайман. Аҳолининг ижтимоий ҳимояси, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ҳуқуқига эга эканлиги билан боғлиқ масалаларнинг Асосий қонунимизда алоҳида эътиборга олингани бунинг исботидир.

Меҳнат қилиш, адолатли ва хавфсиз шароитларда ишлаш фуқароларнинг энг муҳим инсоний, конституциявий ҳуқуқларидан биридир. Конституциямизнинг 37-моддасида «Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир», деб кўрсатилган. Шунингдек, иш жойи, касб ва машғулот турини танлашни тўла кафолатлайдиган эркин меҳнат қилиш ҳуқуқи — шахснинг энг муҳим ижтимоий ҳуқуқларидан бири сифатида белгиланган.

Албатта, ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, адолатли ва яхши шароитларда ишлашга ҳаққи бор. Ушбу конституциявий ҳуқуқ амалдаги меҳнат қонунчилигимизда ҳам ўз ифодасини топган. Бу ҳуқуқнинг амалда таъминланиши аҳоли турмуш фаровонлигида муҳим ўрин тутади.

Асосий қонунда белгиланган ҳуқуқни рўёбга чиқариш механизмлари бўйича “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди. Янги йилда кучга кирадиган бу қонун амалдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонундан тубдан фарқ қилади.

Аввало, тўғридан тўғри амалиётда ишлайдиган ҳужжат бўлиб, амалдаги 3 та қонун, бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга оид қабул қилинган 40 дан зиёд меъёрий ҳужжатларда кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни, тизимдаги сўнгги ислоҳотларни, янги молиявий механизмларни ўзида жамлаган.

Масалан, ишсиз шахсларни ва иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Ишсиз шахсларни ҳамда иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, касб-ҳунарга ўқитишга давлат буюртмаси каби масалалар қатор моддаларда очиб берилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, ишга жойлаштириш бўйича агентлар ҳамда аутстаффинг хизматларини кўрсатувчи иш берувчиларнинг вазифалари аниқ белгиланди.

Жамиятда турли сабаблар оқибатида оғир яшаш шароитига тушиб қолган ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар бор. Табиийки, бундай оилаларнинг фарзандлари яхши таълим-тарбия олишга қийналади. Шунинг учун ресурслар чекланган бўлишига қарамай, кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож минг-минглаб оилаларгага, хусусан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жой сотиб олиши учун бошланғич бадал тўлаб берилди. Уй билан бирга, муҳтож оилаларнинг ишга лаёқатли аъзолари ҳам ишга ҳам жойлаштирилмоқда. Бош қомусимизда кафолатланган меъёр янгича механизмлар орқали рўёбга чиқарилмоқда.

Табрикдаги бир қарам: “Уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиш натижасида 2,5 миллиондан зиёд аъзоси бўлган 590 мингдан ортиқ оилани қўллаб-қувватлаш учун 840 миллиард сўм маблағ ажратилди. Хусусан, ҳар бир хонадондаги аёллар ва ёшларнинг эҳтиёжи, ҳаётий муаммолари аниқланиб, 300 мингга яқин оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари иш билан таъминланди”.

Ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ҳуқуқлари амалга ошиши учун жойларда самарали жамоатчилик ва депутатлик назоратини олиб бориш муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади.

Жамиятнинг ҳар бир жабҳаси, одамлар кундалик ҳаёти Конституцияда белгиланган меъёрлар билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис уни чуқур ўрганиш, ҳаётимиздаги аҳамиятини англаш, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини кенг кўламда олиб бориш ҳар доим долзарб аҳамиятга эга.

Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олдида барчамиз бурчли эканимизни унутмаслигимиз зарур, деб ўйлайман.

 

Анвархон Темиров,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш