Қонунларда халқимизнинг хоҳиш-иродасини тўлиқ ифодалашимиз керак

 

Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган табригида мамлакатимизда Конституция ва қонунларимизни янада такомиллаштириш юзасидан долзарб фикрларни илгари сурди. Давлатимиз раҳбари, айниқса, халқимиз манфаатларига, ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга хизмат қиладиган қонунларни қабул қилиш, давр талабларига жавоб бермайдиган қонун ҳужжатларини бекор қилиб, қонунчилик базасини ихчамлаштириш, бизнес фаолиятини тартибга солиш борасидаги ортиқча нормаларни камайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Мазкур жараёнда демократик ислоҳотларни ҳаётга жорий этишда муҳим куч ҳисобланган сиёсий партияларнинг, хусусан, уларнинг вакиллари асосида шаклланган миллий парламентнинг фаол ишлаши долзарб аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари берган кўрсатмалар асосида фикрлайдиган бўлсак, парламент депутатлари олдида жуда катта масъулиятли вазифалар турганини англаш қийин эмас.

Ҳар бир қонун, аввало, жамият ҳамда давлат тараққиёти, халқ фаровонлиги ва бахт-саодатини кўзлаб қабул қилинади. Биз депутатлар қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш, унга партия позициясидан келиб чиқиб муносабат билдиришда расмиятчиликка асосланган ёндашувдан қочишимиз керак. Кўпроқ ҳаётга кириб боришимиз, сайловчилар билан мулоқот қилишимиз, ечимини кутаётган масалаларнинг ҳуқуқий томонларини янада мустаҳкамлашимиз, бир сўз билан айтганда, қонунларда халқимизнинг хоҳиш-иродасини тўлиқ ифодалашимиз талаб этилади. Халқ фикри билан яратилган қонунлар халқчил бўлади.

Парламентда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасида бирон меъёрни акс эттириш, унинг зарурат эканлигини асослаб бериш оддий жараён эмас, албатта. Бунинг учун, аввало, ҳақиқий ҳаётни яхши ўрганиш керак. Қоғозда баён этилган узундан-узун ҳисоботлар, амалий ишларга қараб иш битмайди. Жойлардаги реал вазиятни ўз кўзимиз билан кўриб, одамларнинг фикрларини ўрганиш, муаммолар сабабларини билиш, баҳс-мунозарага тайёр бўлиш талаб этилади. Зарурат туғилса, жойларга чиқиб, янги қонун лойиҳасига бевосита дахлдор бўлган ташкилотлар фаолиятини ўрганиш ҳам муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман Чунки қабул қилинаётган ҳар бир қонун ёки ўзгартиш ва қўшимча, аввало, ўзининг ҳаётий асосларига эга бўлиши лозим. Шунда қонунларни муҳокама қилиш жараёнида айтилаётган таклифлар ҳар жиҳатдан пухта ва мукаммал бўлади. Ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга хизмат қиладиган қонунлар қабул қилинади.

Қонун лойиҳалари муҳокамалари жараёнида ҳар бир сиёсий партия фракцияси ўз дастурий мақсадлари ва электорат манфаатлари муҳофазасини таъминлаш нуқтаи назаридан келиб чиқиб, таклифлар билдирса, ўзаро баҳс-мунозаралар изчиллик касб этса, қабул қилинажак қонунлар шунча мустаҳкам бўлади.

Шундай экан, парламент ислоҳотларини изчил давом эттириш, қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича берилган кўрсатмаларни сифатли бажариш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан қатъий назорат ўрнатиш ишимизнинг асосий мезонига айланиши, бунинг учун ҳар биримиз, аввало, ўзимизга нисбатан талабчанликни оширишимиз зарур, деб ўйлайман.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш