Ўзбекистон ҳеч қачон фарзандларини ташлаб қўймайди

 

Кечиримлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган фазилатлардан. Ҳар бир кунимизнинг, турмушимизнинг олий қадриятига айланган бу тамойил бугун ҳам эзгулик, яхшиликка йўғрилган ишлар билан минглаб одамларнинг кўнглига малҳам бўлмоқда.

Бевосита давлатимиз раҳбари назорати остида ўтказилаётган “Меҳр” операцияси орқали ҳаётда адашган, билиб-билмай хато қилган, қилмишидан қаттиқ пушаймонда бўлган одамлар, бегуноҳ болалар оиласи, яқинлари бағрига қайтмоқда.

8 декабрь куни “Меҳр-3” операцияси амалга оширилди. Суриянинг жанговар ҳаракатлари олиб борилаётган ҳудудларидан 98 нафар Ўзбекистон фуқароси, яъни 25 нафар аёллар ва 73 нафар болалар Ватанга қайтарилди. Бегуноҳ болаларнинг 14 нафари чин етимлар экан. Булар оддий рақамлар эмас, бу рақамлар ортида қанча алам, яна қанча изтироб бор.

Ҳамюртларимиз соғломлаштириш муассасаларига жойлаштирилиб, иссиқ овқат ва кийим кечак билан таъминланади. Мутахассислар томонидан тиббий ва психологик ёрдамлар кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилади. Келгусида эса уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга тўлақонли ижтимоий мослашуви учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Буларнинг барчаси юртимизда инсон, унинг манфаати ҳамма нарсадан устунлиги, ҳар бир инсон эътибор ва эҳтиромда эканининг тасдиғидир.

Ушбу операция Конституция байрами кунига тўғри келганлигида ҳам рамзий маъно бор. Халқаро экспертлар, олимлар Бош қомусимизга инсонпарвар, халқчил Конституция деб таъриф беришади. Конституциямизнинг 22-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”, деб белгилаб қўйилган. “Меҳр” операцияси бунинг реал исботи бўлмоқда. Ушбу операция орқали Ўзбекистон ҳеч қачон ўз фуқароларини ташлаб қўймаслигини, инсонпарвар мамлакат эканлигини яна бир бор намоён этди.

Айниқса, мен болаларга қараб меҳр ҳамма нарсадан устун қўйиладиган юртдан эканимдан ич-ичимдан қувондим. Эзгу тадбир орқали бу болаларнинг тақдири ўзгараётганидан, уларнинг нигоҳларига чўкиб кетган қайғули туман тарқаётганидан мамнун бўлдим.

Бу операция нафақат юртдошларимизни аянчли қисмат исканжасидан қутқарди, бутун Ўзбекистон бўйлаб меҳр зиёсини ҳам таратди.

 

Фирдавс Шарипов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш