Аёллар бандлигини таъминлаш муҳим вазифа

 

Мамлакатимизда хотин-қизлар бандлиги таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим бўғинларидан биридир. Буни қабул қилинаётган қонунлар, Президентимизнинг фармон, қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий шаҳар кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги тадбир ҳам хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга қаратилди.

Шаҳар аҳоли бандликка кўмаклашиши марказида «Аёллар бандлиги – оила фаровонлиги» лойиҳаси доирасида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда оғир вазиятга тушиб қолган, ишсиз хотин-қизлар таклиф этилди. Меҳнат ярмаркасига 54 корхона ва ташкилот 315 иш ўрни билан иштирок этди. Бунга 255 нафар фуқаро жалб қилинди.

«Дўстлик» МФЙда истиқомат қилаётган Азиза Ибрагимова айни кунда ишсиз.

– Касб-ҳунар коллежини тугатганимга 3 йил бўлди, – дейди тадбир иштирокчиси А. Ибрагимова. – Мутахассислигим ахборот технологиялари. Лекин ўз мутахассислигим бўйича иш тополмай юрибман. Бугун меҳнат ярмаркаси ташкил қилинаётганлигини эшитиб, бўш иш ўринлари билан танишиш мақсадида келдим. Фойдаси тегса жуда хурсанд бўлардим.

Меҳнат ярмарка давомида 7 нафар фуқаро ишга жойлашди. 60 нафар хотин-қизлар турли касбга ўқитишга жалб қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида лойиҳа доирасида Халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгаши депутати Ширин Алдабергенова «Мустақиллик» МФЙдаги ногиронлиги бўлган, ёрдамга муҳтож аёллардан хабар олиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганди. Депутат ҳомийлар кўмагида Ислом Каримов кўчаси, 52-уйда истиқомат қилаётган Махфират Якубовага ногиронлик аравачаси топширди.

 

Хуршида Нарзиева,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш